Устюртдан топилган Маугли. Унинг кейинги ҳаёти нима бўлган?

*Суратда – Жума Жумаев. 1990 йил бошлари. Қизилқоя руҳий касалликлар шифохонаси. Туркманистон.
1957 йилда бир гуруҳ геологлар вертолётдан бўриларни отиб ташлаш учун Устюрт саҳросига (Туркманистон билан Қорақалпоғистон чегарасида, Сариқамиш кўли атрофларида) овга чиқади. Геологлар бўри тўдасига қувиб етиб олади, аммо қочаётган ҳайвонлар орасида тахминан беш ёшли боланинг ҳам югуриб кетаётганини кўриб ҳайратдан қотиб қолади. Бола ҳам бўрилар билан бирга осмондаги душмандан қочиб қутулишга ҳаракат қилар эди.
Одамлар болани ҳар томонлама қутқаришга қарор қилишади ва барча бўриларни отиб ташлаб, вертолётни ерга қўндириб, уни ушлашга ҳаракат қилишади. Лекин болани тутиш осон бўлмайди. У худди бўри боласи каби ириллаб яқинлашганни тишлаб, тепар эди. Геологлар амаллаб тутиб, болани биринчи навбатда, шифокорларга етказишади. Кичкина боланинг бўрилар орасига қандай қилиб тушиб қолгани ва ота-онаси ким бўлгани номаълум эди. Касалхонада унга олигофрения ташхиси қўйилади ва Тошовуз руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилади.
Шундан кейин унинг учун одамлар турмушига кўникишдек жуда қийин ва фожиали турмуш бошланди. Болага Жума Жумаев деб исм қўйилиб, инсоний одатларни ўргатишга киришилади. Жума бўрига ўхшаб тўрт оёқлаб ҳаракат қилар эди, шу боис тиззалари ва кафтларида қадоқлар пайдо бўлди.
У аста-секин юришни, ичишни ва овқатланишни, кейинроқ тишларини ювиш, сочларини тараш, ҳожатхонадан фойдаланиш ва ҳаттоки шахмат ўйнашни ҳам ўрганди. Баъзи шифокор-аёллар кичкина болага раҳми келиб, уйларидан ҳар хил пишириқлар келтириб, овқатлантириб туришди, кийимларини ювишди.
Ўн беш ёшида Жума ёзишни, ўқишни, кейин эса бўрилар билан қандай яшаганлигини айтиб беришни ўрганди. Жуманинг сўзларига кўра, бўрилар унга одамлар каби муносабатда бўлишган, унга озиқ-овқат ва бошпана беришган, одамлар эса аксинча унинг “оиласини“ яксон қилиб, ваҳшийлар каби муносабатда бўлган. У одамлар онасини, отасини, ака-ука ва опа-сингилларини (бўриларни) ўлдиришганини кўзларида ёш билан айтиб, бармоғи билан осмонга ишора қилган, яъни юқоридан отиб ўлдиришганини тушунтирган.
Шундан кейин Жумани бир касалхонадан иккинчисига тинмасдан кўчириб туришди. У Тошовуздан Ашхободга, сўнг Ашхобод яқинидаги тоғлар орасидаги Калининский қишлоғига кўчиб ўтди. Бу ерда, тоғлар орасида моховлар ҳам сақланар эди. Жума, шунингдек, уран кони билан танилган Қизилқоя (Красноводск вилояти)га ҳам юборилди. Ўша вақтларда туркманистонлик кинорежиссёрлар бу даҳшатли жой ҳақида гапиришга ҳаракат қилишди, аммо уларга бундай қилиш тақиқланди.
90-йилларнинг бошларида оммавий ахборот воситаларида туркманистонлик Маугли ҳақида маълумот пайдо бўлгандан сўнг Москвадан “Московский комсомолец“ газетаси, “Огонёк“ журнали каби йирик нашрларнинг журналистлари у ҳақида материал тайёрлаш учун Туркманистонга ташриф буюрди. ОРТнинг “Взгляд” дастури бошловчиси Влад Листьев Жума Жумаев ҳақида кўрсатув тайёрлаб, унинг машҳурлигини янада оширди.
Журналистлар Жумани ҳайвонот боғига олиб бориб, қафасда ўтирган бўриларни кўрсатишарди. Влад Листьевнинг сўзларига кўра, Жума қафасдаги бўриларни кўрганида жудаям ҳаяжонланган ва узоқ вақтгача гапира олмай, бўрилар қафасига киришга жон-жаҳди билан уринган.
1992 йилда Жумани Ашхободга олиб келишганида, режиссёр Булат Мансуров ундан онасининг расмини чизишни илтимос қилади. Аммо Жумаев бўрини чизиб беради. Жума ёмон гапирганига қарамай, унга нима дейилганини жуда яхши тушунган. Мансуров: “Жума, мана бу бўри“ деса, у шунчаки жилмайиб қўйиб, кўзларида ёш билан “Бу – онам” деб жавоб берган.
Ушбу суҳбатдан кейин режиссёр Булат Мансуров “Туркман Мауглиси” номли фильмни суратга олишга қарор қилади, лекин бир неча материаллар олганидан кейин унга тақиқ қўйилади.
Жума 37 ёшида паспорт ва нафақага чиқиш ҳуқуқини олади, лекин умрининг охиригача руҳий касалликлар шифохонасидан чиқа олмайди.
Жуманинг навбатдаги жойи, аввалги уран конларида жойлашган Красноводскдан 300 километр узоқликдаги Қизилқоя тумани руҳий касалликлар шифохонаси бўлди. Бу жойда нурланиш кучли эди.
Москвадан келган психиатр шифокор шахсан ўзи нурланиш бор-йўқлигини текшириш учун шахталарнинг бирига тушади, лекин шундан кейинги қолган 3 йил умрини ўзи шифохонада ўтказади.
Касалхонанинг янги бош шифокори лавозимига тайинланган Мишенко Владимир Панфилович ўз хизматини биринчи навбатда шифохона жойлашган бутун ҳудудни дозиметр билан ўлчашдан бошлаган. Кейин у ўз беморлари учун хавфсиз янги жойдан шифохона излашни талаб қилади. Лекин, кўп ўтмай у ҳам сирли равишда ўлим топади.
Шундан сўнг Жума махсус мактаб-интернатга ўтказилади. Журналистларнинг охирги интервьюси 1996 йилда бўлиб ўтган, шундан кейин касалхона эшиклари ҳамма учун батамом ёпилади ва Жума ҳақидаги маълумотлар тўлиқ махфий бўлиб қолади. Унинг кейинги ҳаёти қандай кечгани қоронғи. Қачон ва қандай шароитда вафот этгани номаълум.
Таъкидлаш керакки, Жума дунёдаги бошқа Мауглиларга нисбатан кўпроқ умр кўрди. Бошқалар 40 ёшгача ҳаёт бўлган бўлса, Жума тахминан 50 йил яшаган. Лекин у бўрилар билан тахминан 5 йил ва одамлар билан 40 йилдан ортиқ яшаганига қарамай, одамлар жамиятини тушуна олмасдан кетди. Жума Жумаев феномени фан учун ҳам янги кашфиёт ҳисобланади. Унинг исми илмий адабиётларга ҳам киритилди.
– Устюртдаги Мауглини, яъни Жумани Қорақалпоғистон ҳудудида, яъни Сариқамиш кўли атрофларида тутишган, – дейди қорақалпоғистонлик ёзувчи Ўмирбай Ўтеўлиев. – Мен Устюртдаги чўпонлардан бу воқеани кўп эшитганман. Бўриларда жуда кўп каромат бор.
*Суратда – Жума Жумаев. 1990 йил бошлари. Қизилқоя руҳий касалликлар шифохонаси. Туркманистон.
Суратни “Родина” журнали мухбири Юрий Козирев олган.
Есимхон Қаноатов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter