Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Унутганлар сизни эшитсин...» (видео)

Бир умр хорижда яшаб ўзбек тилини унутганлар кўпчиликни ташкил этмайди, бизнингча. Сабаби хорижда инсон ўз она тилида гапириш орқали юрт соғинчи ҳовурини босиб туради. Биз бугун ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз ўзбек бўла туриб шу юртда ўз тилини унутганлар ҳақида ҳам эмас. Ўзга миллат вакилларининг она тилимизда гапираётгани эса уларнинг шу элга, шу юртга ҳурматини англатади. Демак, бугун биз она тилимизга ўзга миллат вакилларининг қандай муносабатда эканликларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Тигран, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси:

– Ассалому алайкум, мен ўзбек тилини болалигимдан биламан. Мактабдаги ўртоқларим, маҳалладаги дўстларим ҳам ўзбек миллатига мансуб болалар эди. Балки шунинг учун ўзбек тилида бемалол гапира оларман, ҳатто шеър ҳам биламан:

Ким дарғазаб, ким ҳайрон,

Чиқиб келдилар қатор,

Даньте, Шиллер ва Байрон,

Фирдавсий, Балъзак, Тагор.

Камила КЛЕВАН, «Алоқалойиҳа» ДУК ходими:

– Синфимиздаги ўқувчиларнинг кўпи ўзбек эди, балки шунинг учун ўзбек тилини ўрганишга қийналмагандирман. Бу тилни билишим давлат хизматларига бирор юмуш билан борганимда қўл келади. Масалан, банкларда кўпчилик рус тилини билмайди, уларнинг рус тилида гаплашишга қийналаётганини кўриб мен ўзбек тилида мурожаат қиламан. Ва бу ҳолат уларни ҳам ажаблантиради, ҳам қувонтиради. Мен ўйлайманки, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллат вакили шу юртнинг тилини ўрганса фойдадан ҳоли бўлмайди. Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча» шеърини айтиб бермоқчиман:

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузча томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёптилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…

 

Герман СТИМБАН, «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси бўлим бошлиғи:

– Маҳаллада катта бўлганман. Маҳалламизда ҳар хил миллат вакиллари яшайди. Ўртоқларимнинг кўпчилиги ўзбек. Бирор юмуш билан корхона, ташкилотларга борганимда ўзбекча гапираман, улар хурсанд бўлиб кетишади. Ҳатто бозорларда савдо қилаётганимда сотувчилар ўзбекча гапираётганимдан қувонганидан нархни тушириб ҳам беришади. Ўзбекча қўшиқларни ҳам эшитиб тураман. Масалан «Болалар» гуруҳининг «Керак эмас сенинг шаҳло кўзларинг», деб бошланадиган қўшиғини яхши кўриб тинглайман. Ёки кайфиятга қараб Ғиёс Бойтоевни, қайсидир ҳолатда Зулайҳо Бойхоновани эшитаман. Ўзбек киноларидан «Шум бола»нинг ўзбек тилидагисини томоша қилишни ёқтираман. Мен барчани «Она тили» байрами билан табриклайман:

Сени десам юрагимда

очилар гуллар,

Ёмғир бўлиб самолардан

сочилар гуллар,

Саҳролардан, дарёлардан

сочилар гуллар,

Юрагимнинг гулисан сен,

гуллаган Ватан!

Биз уларга ишларида омад тилаб хайрлашарканмиз, Тигран, Герман Стимбан, Камила Клеванлар кўпайишини чин дилдан истадик. Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ҳам айнан шундай хитоб қилган бўлар эди, худди бир пайт айтганидек:   

Термуламан Ильза хонимга,            

Кўзларимга ишонмай ҳайрон.

Амриқолик хушрўй олима

Сўзлар эди ўзбекча равон…

Келинг, сизни она юрт учун,

Фидолар бир тинглаб қувонсин.

Бу қувончдан лекин бир умр

Жудолар ҳам қувонсин, ёнсин…

Ўз элати меҳридан дилин,

Ёт тутганлар сизни эшитсин.

Ўз юртида ўз она тилин,

Унутганлар сизни эшитсин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг