Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Жиянов: «Кимларгадир вирус сабаб одамларнинг ваҳимага тушиши керак бўляпти...»

Улуғбек Жиянов: «Кимларгадир вирус сабаб одамларнинг ваҳимага тушиши керак бўляпти...»

Фото: Улуғбек Жияновнинг шахсий архиви

«Хориждаги ватандошлар» дастурининг навбатдаги меҳмони Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Улуғбек Жиянов бўлди.

Суҳбатдошимиз 1984 йил Бухоро вилоятида туғилган. 2005 йилдан буён «эҳромлар юрти»да диний билимларини ошириб келади.

– Улуғбек ака, диний соҳада таҳсилни айнан Мисрда олишингизга нима сабаб бўлган?

Бунга бир неча сабаблар бор. Булар ҳақида батафсил тўхталаман. Оиламиз азалдан диндор оила бўлмаган бўлса ҳам, барча асл ўзбек оилалари сингари ота-онамнинг ҳалол-харомга, ижтимоий одоб-ахлоқни ҳурмат қилишга ва қадрятларга вафодорликка ўргатишгани учун диний соҳага қизиққанман, деб ўйлайман.

Қолаверса, она шаҳрим – Бухородаги Мир Араб мадрасаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом дунёсида ўз ўрнига эга машҳур даргоҳ бўлганидан илҳомланиб ҳам ушбу мадрасага кириб ўқишни орзу қилганман.

Мадрасага кирганимдан кейин эса, танловим жуда тўғри бўлганига амин бўлдим. Чунки, кўп ҳолларда ташқаридан мадраса фақатгина диний билим ўргатади, деган тушунча мавжуд. Аслида, у ерда диний фанлар қатори замонавий фанлар ҳам тенг олиб борилади.

Мисрга келишимга эса, мадрасада ўқиб юрган пайтларим, аниқроғи, 2005 йилдаги воқеа сабаб бўлган. Ўшанда, Исломий билим юртлари учун Миср Араб Республикасидаги машҳур Ал-Азҳар Ислом дорилфуни томонидан имтиёзли ўқиш учун квота ажратилди. Бунинг ортидан, Диний қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бошчилигида мамлакатимиздаги ҳар бир Ислом билим юртларидан салоҳиятли ўқувчилар танлаб олиниб, Мисрга жўнатилди. Улар орасида мен ҳам бор эдим.

2005 – 2010 йиллар Ал-Азҳар Ислом университетининг Дин асослари факультети ҳадис шўъбасида ўқидим. 2010 йил декабр ойида Ўзбекистонга қайтиб, Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта-махсус Ислом билим юртида кутубхоначи, мударрис бўлиб ишладим. 2017 йил ёзда ўз соҳам бўйича магистратурани ўқиш учун яна Қоҳирага – Ал-Азҳар Ислом университетига қайтиб, ҳозирда ўқишни давом эттиряпман.

– Сиз истиқомат қилаётган Қоҳира қандай шаҳар ва мисрликлар ҳақида нималар дея оласиз?

Қоҳира катта ва гавжум шаҳар. Билишимча, 20 миллионга яқин одамлар яшайди. Одамлар, машиналар кўплиги ва ёғингарчилик камлиги боис шаҳар ҳавоси кўп ҳам ҳавас қиларли эмас. Лекин, бу йил ёмғир кўп ёғди. Мана, ҳозир сиз билан мулоқот қилиб турган пайтимизда ҳам ёмғир ёғмоқда. Шу билан бирга, бу ерда автомобил йўлларида тирбандликлар учраб туради. Тарихий ва кўришга арзигулик ерлари ҳам етарлича.

Мисрликлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, улар одатан хушмуомала, хушчақчақ ва қизиқувчан халқ. Тўғри, пойтахтга ўхшаган катта шаҳарларда турли жойлардан келиб қолган одамлар борлиги ва чет элликлар кўплиги туфайли асл қадрятлар анчагина йўқолган десам, бўлади. Лекин, бу халқнинг асл характери ўзимизга ўхшаган меҳмондўст, болажон ва бағрикенглик деб, айта оламан.

– Сизнингча Мисрнинг қандай ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда жорий этиш мумкин?

Мисрдаги умумий ўрта таълим тизимида менга мақбул бўлган  тажрибаси бор. Яъни, бу ерда мактабни битириб, якуний имтиҳонни муваффақиятли топширган ўқувчи, тўғридан-тўғри ўзи танлаган олийгоҳга кириб кетаверади. Лекин бу тизимни ўзимизда жорий қилиш учун, мактабдаги таълим сифатини яхшилаш керак.

Кейин диний таълимда биздаги ўқув юртларининг Ал-Азҳар университети билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришини таклиф сифатида айтган бўлардим. Чунки, Ал-Азҳар университети қарийб минг йиллик тарихга эга бўлиб, диний ва замонавий таълим бериб келаётган энг қадимий билим даргоҳи ҳисобланади. Қолаверса, таълим муассасамиз ҳозирги глобаллашув даврида, диний соҳани энг яхши ва тўғри ўргатадиган, ҳар қандай нотўғри фикрларга қарши тура оладиган мутахассисларни етиштириб берадиган кам сонли олийгоҳ сифатида эътироф этиб келинади.

Фото: Улуғбек Жияновнинг шахсий архиви

– Мисрликлар Ўзбекистон ҳақида билишадими?

2005 – 2010 йиллар бакалаврда ўқиб юрган кезларим, маҳаллий аҳоли билан мулоқотда Ўзбекистондан эканлигимни айтсам, кўпинча «Пакистан?» дея сўрашарди. Аммо мисрликларга Бухоро ёки Самарқанд каби катта ва тарихий шаҳарларимизни айтганимда дарров таниб, хурсанд бўлишарди.

Ўртада, етти йиллик танаффусдан кейин қайтиб вазият ўзгарганига гувоҳ бўляпман. Ҳозирги кунда, спортчиларимиз туфайли ватанимиз номини анча яхши таниб қолишган. Сабаби, Миср халқи ҳам спортга ниҳоятда қизиқади.

Бўш вақтларингизда нималар билан машғул бўласиз?

Очиғи, бўш вақтларим деярли бўлмайди. Дарслар ва машғулотлардан бўшаб вақт топа олсам, бу ердаги ватандошларимиз билан суҳбатлашиб, уларга қўлдан келганча ёрдамлашишга, янги келган ҳамюртларимизга мослашиб кетишларида йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Мисрдаги вакили сифатида ҳам бу ерда таълим олаётган ёшларимиз ҳаётига эътиборсиз бўлишга ҳаққим йўқ, деб ҳисоблайман.

Фото: Улуғбек Жияновнинг шахсий архиви

– Келгусидаги режаларингиз қандай?

Инсон ақлини таниганидан бошлаб келажак харитасини чиза бошлайди. Улғайгани сари эса, бирор соҳа вакилига айланиб, келгусидаги режалари ҳам ўзгариб мукаммаллашаверади. Шу аснода, менинг ҳам мақсад ва режаларим бисёр. Хусусан, соҳам диний бўлгани ва бу соҳа ҳозирда дунёдаги энг нозик соҳалардан бири эканлигини ҳисобга олиб, муқаддас динимизни тўғри тушуниб, унинг илм-фанга, тараққиётга етаклаши, эзгуликка чорлашини ҳамда энг муҳими, Ватанпарварликка чақиришини одамларга ўргатишни ният қилганман.

– Сўнгги савол. Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси кўпчиликда саросима уйғотган. Исломшунос мутахассис сифатида мана шундай дамларда юртдошларимизга қандай тавсиялар бера оласиз?

Ҳа, бундан ҳамма инсонлар қатори мен ҳам таассуфдаман. Бу касалликнинг келиб чиқиши ҳақидаги тахминлар ёки ундан сақланиш чора-тадбирлари тўғрисида гапирмасам ҳам бўлади. Чунки, бу ҳақда бутун дунё бўйлаб жуда кўп гапирилди ва гапирмоқда.

Мен айтмоқчи бўлганим, ваҳимага, саросимага тушмаслигимиз керак. Халқимиз азалдан мушоҳадали ва озодаликни яхши кўриб келган. Муқаддас Ислом динимиз ҳам, қадрятларимиз ҳам покликка чорлайди. Давлатимиз барча зарур чораларни кўраётганига ишонаман. Биздан талаб қилингани, ҳукуматимиз кўрсатмалари ва мусулмончиликдаги покликка амал қилиб ҳаётимизни давом эттириш.

Очиғи, мен коронавирус орқали, қайсидир доира вакиллари одамларни ваҳимага солиб, бундан нималаргадир эришишни истаётгани ҳам бор нарса деб биляпман. Боиси, даставвал Хитойда касаллик тарқалиши ортидан тарқатилган, кейинчалик ўз исботини топмаган қўрқинчли видеолар тасдиқланмади. Шуларни таҳлил қилиб, кимларгадир вирус сабаб одамларнинг ваҳимага тушиши керак бўляпти деган хулосага келдим.

Мана, мен яшаб келаётган Миср диёрида ҳам коронавирус аниқланди. Билишимча, касалланганлар сони 300 нафардан ошди. Шундай бўлсада, мисрликлар кундалик ҳаётини яшаб, хотиржам юришибди. Ваҳима қилишиб, дўкон расталарини бўшатишмаяпти. Бозорларда сотувчилар ҳам нархларни сунъий равишда ошириб олишаётгани йўқ. Бир сўз билан, ҳаммаси жойида.

Ишонаманки, Яратганимиздан холис ният билан мана шу синовли кунларимиз ўтиб кетишини сўрасак, албатта амалга ошади.

Сўзим охирида, барча юртдошларимизга соғлик-саломатлик ва юртимиз тинчлик-хотиржамлигини тилайман. Яратган ҳаммамизни ўз паноҳида асрасин.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг