Украина халқи нуфузли мукофотга лойиқ топилди
Европа парламентининг Андрей Сахаров номидаги «Фикр эркинлиги учун» мукофотига Украина халқи сазовор бўлди. Бу ҳақдаги қарор 19 октябрь куни Страсбург шаҳрида Европарламент ҳайъати томонидан қабул қилинди. Европа Иттифоқи қонунчилик идораси шу тариқа Россия босқинига қарши мардонавор курашаётган халққа ўзига хос тарзда эҳтиром билдирди.
Европа парламентига кўра, мустақиллик, суверенитет, ҳудудий яхлитлик, шунингдек, демократия, қонун устуворлиги ва бошқа Европа қадриятларини ҳимоя қилаётган украиналиклар мисли кўрилмаган талафот ва йўқотишлар кўрмоқда, аммо ўз маслаги ва мақсади йўлида собит турибди.
Европа депутатлари президент Владимир Зеленскийнинг мустаҳкам иродаси ва халқига садоқати, шунингдек, мамлакатдаги фуқаролик жамияти вакилларининг хизматларини ҳам юксак баҳолаган.
«Бу мукофот жанг майдонида сабот кўрсатаётган, ўз бошпанасини тарк этишга мажбур бўлган, яқинлари ва жигарларидан айрилган украиналикларга, ўз эътиқоди йўлида оёққа турган ва курашаётган барча-барчага аталган. Ишончим комилки, жасоратли Украина халқи таслим бўлмайди ва албатта биз ҳам!» – дейди Европа парламенти раиси Роберта Метсола.
Қонунчилик идораси раҳбарига кўра, украиналиклар нафақат ўз ватани мустақиллиги, айни чоқда, демократик қадриятларни ҳам ҳимоя қилмоқда, Европа Иттифоқини пароканда қилишга уринаётган шафқатсиз режим зулмига чек қўйишга уринмоқда.
Таниқли физик олим ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Андрей Сахаров номи билан аталган «Фикр эркинлиги учун» мукофоти Европа парламенти томонидан 1988 йилда таъсис этилган. ЕИнинг инсон ҳуқуқлари бўйича нуфузли соврини ҳар йили демократик қадриятлар ва асосий ҳақ-ҳуқуқлар ҳимоясига улкан ҳисса қўшган шахслар ҳамда жамоат ташкилотларига топширилади. 2021 йилда ушбу мукофот россиялик таниқли сиёсатчи, айни пайтда тутқунгоҳда жазо ўтаётган Алексей Навальнийга берилган.
Бу йил мукофотга асосий номзодлар орасида Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанж, хизмат вазифасини ўтаётган вақти ўлдирилган таниқли журналист, «Ал-Жазира» мухбири Ширин Абу Ақла, Колумбия сулҳ ва ҳақиқатни қарор топтириш комиссияси ҳам бор эди.
Андрей Сахаров номидаги «Фикр эркинлиги учун» мукофотини топшириш маросими 14 декабрь куни Страсбург шаҳрида бўлиб ўтади.
Жорий йил 24 февраль куни Россия қўшини Украина ҳудудига бостириб кирганидан буён ЕИ расмий Киевни агрессияга қарши курашда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Аввал хабар берганимиздек, яқинда ЕИ кенгаши Украинага яна 5 миллиард евро молиявий кўмак ажратишга қарор қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter