Туя сути жигар циррозига даво бўладими?
ССВ матбуот хизмати Вирусология илмий текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эркин Мусабоев билан гепатологиянинг долзарб масалалари, жигар касалликларининг олдини олиш хусусида суҳбат уюштирди.
– Одамлар орасида туя сути кўплаб оғир касалликлар, жумладан, жигар циррозига даво бўлади, деган тушунча бор. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
– Бизга мурожаат қиладиган кўпгина беморлардан ҳам бундай фикрларни эшитамиз. Бироқ туя сутининг циррозни ёки бошқа оғир касалликларни даволашда самара бериши тиббиётда исботланмаган. Қолаверса, хомлигича ичилган сут бошқа касалликларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Масалан, бруцеллёз юқиши хавфи ортади. Боз устига катта ёшли одамларда сутни ҳазм қилувчи ферментлар йўқлиги туфайли сутнинг ҳазм бўлиши қийинлашиб ичак дам бўлади. Аллергик реакциялар келиб чиқиши мумкин.
– Тиббиётимизга «Гепатит С» ни даволашда замонавий дори-дармонлар кириб келаётгани ҳақида янгиликлар тарқалмоқда...
– Тўғри, тиббиётимизнинг бу ютуғи жуда ажойиб янгилик бўлди. Чунки «Гепатит С»ни эмлаш учун вакцина йўқ. Бироқ эндиликда бу касалликни тўлиқ даволаш имкони юзага келди. Ҳозирда давлат ҳисобидан хориждан бундай дори-дармонлар сотиб олиб келиниб, имтиёзли гуруҳдаги беморлар даволаняпти. Муолажалар 3 ой давом этади. Шу муддат давомида беморлар шифо топиб, соғлом ҳаётга қайтмоқда.
– «Гепатит В» вируси ва унга қарши олиб борилаётган профилактика ва даволаш ишлари самаралари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Маълумки, мамлакатимизда 2000 йилдан буён «Гепатит В»га қарши эмлаш ишлари тизимли ташкил этиляпти. Натижада эмланган болалар ўртасида ушбу касаллик деярли қайд этилмаяпти. Бироқ катта ёшли аҳоли орасида бу касаллик учраб турибди. «Гепатит В» асосан қон орқали юқади.
Шу ўринда айтишни истардимки, Гепатит В нинг олдини олишнинг ҳам самарали йўли эмлашдир. Катта ёшли аҳоли ҳам бу вакцина билан эмланиши мумкин. Чунки инсон ҳаёти давомида бир неча бор стоматология ёки бошқа тиббий муолажалардан фойдаланади. Қолаверса, гўзаллик салонлари хизматидан фойдаланиш ривожланиб бораяпти, бунда баданга санчилувчи жиҳозлар ҳам ишлатилади. Бу жараёнда вирус юқмаслигидан ҳеч ким кафолатланмаган. Эмлаш эса вирусга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириб, организмни ҳимоя қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter