«Турон чўллари» ЮНЕСКО рўйхатига киритилди (фото)
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон учун яна бир тарихий муҳим воқеа содир бўлди.
Ўзбекистон иштирокидаги «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» трансчегаравий табиат объекти ЮНЕСКО нинг Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди.
«Бу экотизим ўзининг ноёблигига қарамай, ҳалигача ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилмаганди. Бундай номинациянинг уч давлат томонидан тайёрланиши минтақавий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди», — деди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.
Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу номзодноманинг мамлакатимизга тегишли қисми Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тайёрланган.
«Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилган Ўзбекистоннинг қатнашган иккинчи объект ҳисобланади. 2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги «Ғарбий Тян-Шан» объекти ушбу рўйхатдан ўрин олган.
Эътиборли жиҳати шундаки, янги объект ЮНЕСКО рўйхатидаги мўътадил чўллар тоифасига кирадиган биринчи объект ҳисобланади. Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платоси ҳудудларида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган бир-бирига чегарадош бешта таркибий қисм — Сайгачи, Сайгачи-Белеули, Сайгачи-Дуана, Сайгачи-Жидейли (барчаси Шимолий Устюрт кластерига киради) ҳамда Жанубий Устюртдан иборат.
«Мўътадил минтақадаги Турон чўллари»нинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши ҳудуднинг 1972 йилги Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси муҳофазасида бўлишини тақозо этади.
Бундан ташқари, объектларни самарали бошқариш, улардаги флора ва фаунани сақлаш ва илгари суриш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш, татбиқ қилиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter