Туркия шарқидаги яширин гўзаллик: Ван ҳақида эшитганмисиз?
Кўпчилик ўзбекистонликлар Туркияга саёҳат қилаётганда Истанбул, Анталия, Измир ва бошқа машҳур ва оммабоп йўналишларни танлашади. Ушбу ҳудудлар мамлакатнинг гавжум манзиллари саналади. Аммо тарихга қизиқувчи ва сокин саёҳатни севадиганлар учун Туркияда яна бир манзил бор. Бу Ван шаҳри ва кўли жойлашган хушманзара ҳудудлардир.
Xabar.uz мухбири Туркия туризм ва маданият вазирлигининг таклифига биноан Ван ва мамлакат шарқидаги қатор ҳудудларда бўлиб, у ердаги саёҳатбоп жойлар билан танишди.
Аввало Ван шаҳри ҳақида бироз маълумот беришни жоиз деб топмоқ керак. Ушбу шаҳар Ван кўлининг шарқий қирғоғида жойлашган. Катта шаҳар сифатида узоқ тарихга эга. Милоддан аввалги биринчи минг йилликдаёқ бу ерда йирик цивилизация вужудга келган. Милоддан аввалги IX асрдан VI асргача Урарту подшолигининг пойтахти Тушпа номи билан машҳур эди. Шундан сўнг ҳудуд Византия, Сосонийлар каби давлатлар таркибига ҳам кирди. XI асрдан бошлаб ҳудудга салжуқийлар кириб кела бошлади. Византия ва турклар ўртасидаги Мацикерт жангидан кейин ҳудуд салжуқийлар қўлига ўтди.
Шаҳарда айни дамда қарийб 1,5 миллион киши истиқомат қилади. Улар орасида турли миллатлар бор. Масалан курдлар, оссурийлар ва бошқалар шулар жумласидандир.
Баҳор ва кузда Ван кўли ва унинг атрофи гўзал бўлади. Май ва июн, шунингдек, сентябр ҳамда октябр ойларида ҳудудга саёҳат уюштириш айни муддао.
Ван шаҳрига келгач, қаерларга ташриф буюриш мумкин деган савол туғилади. Албатта бунга жавоблар кўп. Шулардан бири қадимий Урарту қалъасидир. У милоддан аввалги IX асрда бунёд этилган. Урарту қалъасига кўтарилиб борар экансиз, қаршингизга Ван кўли ва шаҳри кафтдек намоён бўлади.
Қалъа 2019 йилда реконструкция қилинган, ҳудудда бир қатор қулайликлар йўлга қўйилган. Қаъла жойлашган тепалик атрофни кузатиш ва ўзаро мазмунли суҳбат қуриш учун қулай маскандир. Қалъада султон Сулаймон томонидан 1534 йилда қурилган жомеъ масжиди ҳам мавжуд.
Иккинчи манзил Ван музейидир. Агар сиз сирли тарихдан сўзловчи экспонатлар ишқибози бўлсангиз музейга боришни унутманг. У ерда Ваннинг ибтидоий жамоа давридан токи замонавий тарихигача бўлган даврига оид ашёлар мавжуд. Шунингдек, қадимий давлатларнинг яшаш тарзи, урушлар ва археологик қазишмалар намуналари ҳақида ҳам маълумот оласиз.
Шаҳар ва унга ёндош ҳудудлар учун энг муҳим географик объектлардан бири Ван кўли саналади. Ван кўли ўзига хосдир. У Туркиядаги энг катта кўл бўлишдан ташқари, у дунёдаги энг катта содали кўл, шунингдек, тўртинчи йирик ички кўлдир. Кўлдаги сув Ўлик денгиз каби жуда шўр ва зич. Айтишларича, унинг суви кийимларни яхши ювади.
Кўлда диққатга сазовор Акдамар ороли ва черкови жойлашган. Акдамар арман черкови милодий 915-921 йилларда подшо Гагик Арцрун ташаббуси билан бунёд этилган. Черков 1915 йилда ташлаб кетилган. 2005 йилда Туркия ҳукумати иншоотни тиклаш ва таъмирлаш учун 2 миллион доллар маблағ ажратди. Черкор деворларида кундалик ҳаётдан манзаралар ва бошқа диний тасвирлар, фрескалар сақланиб қолган.
Акдамар оролига катерда бир неча ўн дақиқада етиб олиш ва унинг табиатидан завқланиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter