Туркий давлатлар билан экология соҳасидаги дипломатик алоқалар янги босқичга кўтариляпти
2024 йилнинг 5–6 ноябр кунлари Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) навбатдаги саммити ўтказилади. Мазкур саммитда Ўзбекистон фаол иштирок этиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳаларида долзарб масалаларни илгари суришни мақсад қилган.
Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар экологиясини яхшилаш борасидаги ташаббуслари
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро тадбирларда барча соҳаларда, хусусан, экология борасида ҳам қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ Ўзбекистон хорижий ташкилотлар, жумладан, Туркий давлатлар ташкилотида (ТДТ) ҳам ўз ўрнига эга давлатга айланди. Хусусан, 2022 йилнинг 10–11 ноябр кунлари Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити юртимизда ўтказилди. Кўҳна ва навқирон Самарқанд мезбонлик қилган саммитда Ўзбекистон томонидан туркий дунёни янада яқинлаштириш ва улкан салоҳиятни тўлиқ ишга солишга қаратилган муҳим таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
2023 йилда Туркиянинг Анқара шаҳрида, бўлиб ўтган ташкилотнинг навбатдаги саммитида Давлатимиз раҳбари глобал иқлим ўзгаришларига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, қуйидагилар кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар эканлиги таъкидланди:
- фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ташкилотнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ва бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий қилиш ва муҳим чоралар кўриш;
- фавқулодда вазиятлар бўйича ТДТга аъзо давлатлар вазирликлари ўртасидаги шериклик алоқаларини фаоллаштириш;
- жаҳоннинг энг илғор тажрибасини соҳага татбиқ этиш, ўрмон ёнғинлари, бўронларни олдиндан аниқлаш ва аҳолини эрта огоҳлантириш ҳамда доимий хабардорлигини ошириб бориш.
Ўтган йили Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ ташкилотининг навбатдаги саммитида эса Ўзбекистон экология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги қайд этилди. Мазкур саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун «Туркий дунёнинг олий ордени» тантанали топширилди.
Бундан ташқари, 2024 йилнинг 5–6 июл кунлари Озарбайжонда бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммитида Ўзбекистон томонидан асосий эътибор иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашишга қаратилди. Шавкат Мирзиёев мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини тузиш ва мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш таклифини илгари сурди.
ТДТга аъзо давлатлар билан самарали ҳамкорлик
Ўзбекистон ТДТга аъзо давлатлар билан экология соҳасида ҳам фаол ва самарали ҳамкорлик ўрнатган.
Ўзбекистон ва Озарбайжон: 2008 йил 11 сентябрда Боку шаҳрида экология соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланган бўлиб, икки давлат вакиллари турли учрашувлар, халқаро конференсия ва тадбирлар доирасида икки ва кўп томонлама асосда ўзаро тажриба ва ахборот алмашмоқда. Хусусан, 2023 йил 9 декабрда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенсияси (CОП28) иштирокчиларининг 28-конференсиясида Озарбайжон Республикаси миллий павилёнида ИҲТ минтақасида ресурслардан самарали фойдаланиш, барқарор ривожланиш ва айланма иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси:
1996 йил 24 декабрда экология ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланган. Икки мамлакат соҳага оид конференсиялар, форумлар, семинар ва тренингларда доимий иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон томони 2022 йил 21-22 октябр кунлари Бишкек шаҳрида Қор қоплони ва унинг экотизимларини сақлаш бўйича глобал дастур (GSLEP) бошқарув қўмитасининг 7-йиғилиши, 2023 йил 4-6 июл кунлари бўлиб ўтган «Ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси – тадқиқот натижалари, ҳуқуқий таҳлил ва илғор тажриба» мавзусидаги ҳудудий семинар ҳамда 2024 йил 15-17 май кунлари ўтказилган БМТ UNFSSS шартлари, тартиблари ва йўриқномаларига мувофиқ икки йиллик шаффофлик ҳисоботларини тайёрлаш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий тренинг семинарида фаол иштирок этди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон:
1997 йил 2 июнда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик, 2022 йил 22 декабрда эса экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланган. Айни дамда Сирдарё ҳавзасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув сифати бўйича Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.
2023 йилнинг 2-3 июн кунлари Ўзбекистон делегацияси Остонада бўлиб ўтган ECO-JER: Carbon Neutrality Pathways” 3-халқаро конгрессида, 4-5 сентябр кунлари эса Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссияси йиғилишида иштирок этди. 2024 йил феврал ойида Самарқанд шаҳрида CMS COP-14 доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Устюрт платосида ҳайвонот дунёсини сақлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон ва Туркия:
2018 йилда Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги билан ўрмон хўжалиги соҳасида шартнома имзоланиб, ўтган 6 йил давомида 60 га яқин мутахассисларимиз Туркияда ўтказилган конференсия, семинар ва тажриба алмашиш курсларида қатнашди. Бундан ташқари, Туркия Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларидаги тўғон ва сувомборлари атрофидаги ўрмонлар, шаҳарлар атрофидаги яшил ўрмонлар экиш учун ер тайёрлашда ҳам амалий ёрдам кўрсатди. Сўнгги тўрт йил давомида 40 га яқин туркиялик мутахассис мамлакатимизга ташриф буюриб, тажриба алмашди. 2024-2025 йилларда эсаТуркияга 30 га яқин мутахассис ташриф буюриши ва ўрмон хўжалиги бўйича тажриба алмашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон:
2017 йил 20 майда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, 2021 йил 5 октябрда эса трансчегаравий контекстда биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган. Ўзбекистон делегацияси 2023 йил 10 мартда Ашхободда бўлиб ўтган «Иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик» халқаро конференцияси, «Афғон инқирози шароитида Марказий Осиёда энергия ҳамкорлиги ва табиий ресурсларни бошқариш: олдинга йўл» минтақавий семинари, ЙХҲТ Бош котиби ва Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳит вазирларининг 2024 йил 4 мартдаги учрашувида иштирок этди. Шунингдек, 2023 йилнинг 10–25 сентябр кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» трансчегаравий табиат обекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон табиий мероси обектлари рўйхатига киритилди.
Айни пайтда ГИЗнинг «Амударёнинг қуйи оқимида ердан фойдаланиш ва экотизимларни сақлашга экотизимли ёндашув» лойиҳаси доирасида Амударёнинг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва қирғоқ экотизимларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қолаверса, Туркманистон билан чегарадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Кўҳитангни ЮНЕСКО Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритиш учун трансчегаравий номинация файлини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
2019 йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилган Ғарбий Тян-Шан серияли трансчегарасини бошқариш ва муҳофаза қилиш бўйича меморандум, 2021 йилнинг 10 ноябр куни эса Глазгода Ғарбий Тян-Шан ва Помир-Олойда қор қоплонини сақлаш, уни озиқ-овқат билан таъминлаш ва яшаш муҳитини таъминлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Марказий Осиё давлатларининг Қўшма баёноти ишлаб чиқилди ва 2023 йилнинг ноябр-декабр ойларида Дубайда (БАА) бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий конвенсияси иштирокчилари конференциясининг 28-сессиясида тақдим этилди.
2024 йилнинг 10 феврал куни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон атроф-муҳит вазирлари юртимизда очилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) очилиш маросимида иштирок этди.
2024-йил феврал ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган CОП-14 давомида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Африка ва Евросиёда йиртқич қушларнинг кўчманчи турларини сақлаш бўйича ўзаро англашув меморандумига қўшилди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти билан барча соҳаларда бўлгани каби экология борасида ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатларга бирдек дахлдор бўлган долзарб экологик масалаларга ечим излашда фаоллик кўрсатишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter