Тунги футбол касри (ҳажвия)

Туни билан футбол кўриб, севимли жамоасининг мағлубиятидан асаби бузилган, устига-устак ишдан кечикиши сабабини ҳам шунга йўйган дўхтир йигит қабулхонада ёши ўтганроқ аёл билан эркакни кўриб ажабланди. Бир хаёли қабулни орқага сурмоқчи бўлди, лекин Гиппократ қасами ёдига тушиб, аёлни хонага киритмоқчи эди, эркак тихирлик қилгани учун унга ҳам рухсат берди.
Хонага киришгач, уларни эшик ёнидаги ўриндиққа ўтиришга таклиф этди. Ўзи эса девордаги илгакда осиғлиқ халатини олиб кийди ва суянчиғига сочиқ ташланган курсига қараб юраркан, йўл-йўлакай савол берди:
– Нима гап, онахон?
– Бола масаласида келгандик.
– Бу ерга бошқа масалада келишмайди, – дўхтир беихтиёр тилига келган гап беўхшов ҳазил эканини сезиб жиддийлашди. – Безовта қилмаяптими?
– Безовта ҳам гапми? – гапга қўшилди эркак.
– Отахон, сиз аралашманг, – танбеҳ берди дўхтир. – Ёш қирқдан ўтгач, бола онага оғирлик қилишини билмасмидингиз.
– Кампир олтмишда, – яна гапга қўшилди эркак. – Бу ёшда болага қарашнинг ўзи бўладими?
Дўхтир аёлнинг кўзи атрофига шохлар отган ва бўйнида иккита ҳалқасимон ажинга тикилиб, унинг ёшини нотўғри чамалаганини сезди.
– Истамагандик, – деди аёл ҳам гап оҳангида пушаймонлигини яширмай. – Қизим сақламасаларинг бўлмайди, деб туриб олди.
– Ҳимояланиш керак эди, – ачинди дўхтир. – Қанча вақт бўлди? Кўзга ташланмаслигига қараганда тўрт-беш ҳафта...
– Тўрт ой бўлди, – дўхтирнинг гапига бўлди аёл.
– Олти ой, – аниқлик киритди эркак.
– Олти ойлик бўлса, билинарди! Ривожланишдан орқага қолганмикан?
– Бирор чора кўрмаса бўлмайди, – эркак дўхтирнинг тушунарсиз гапларидан асабийлашди.
– Энди кеч, – ожизлигини ифодаламоқчи бўлгандек дўхтир қуш қанотини очган каби, қўлларини икки ёнга ёйди, – яна уч ой чидайсизлар.
– Нега уч ой? – аёл хавотирини яширмади.
– Ўн-ўн беш кун фарқ қилиши мумкин, – дўхтир аёлни тинчлантирмоқчи бўлди.
– Бугундан гапиринг, бугун нима қилиш керак? – эркак тоқатсизланди.
– Онахон яхши овқатлансин. Қонлари камайган бўлиши мумкин.
– Овқатнинг нима алоқаси бор? Сиз болани нима қилишни айтинг, – деди эркак фиғони қайнаб.
– Боланинг безовта қилгани онахоннинг яхши овқатланмаганидан бўлса керак? – дўхтир ўзини босишга қанча ҳаракат қилмасин, асабийлашди.
– Қизимизга хабар бергандик, у камида бир йил ишламасам бўлмайди, дейди, – аёл илтижо билан дўхтирга тикилди.
– Қизингиз қаерда? – яна қизини тилга олганидан дўхтир ажабланди.
– Куёв билан хорижга ишлагани кетишган. Келиб болага ўзлари қарашсин.
– Бизнинг шу ёшимизда болага қараш осонми? – эркак бу гал ҳовуридан тушиб, гапга қўшилди.
– Яна бошқа фарзандларингиз борми? – дўхтир эркакнинг овози пасайгани учун товушини кўтармай савол берди.
– Икки опаси бор қизимнинг. Лекин улар болага қарашни исташмади.
– Ҳа, қийин бўларкан сизларга.
Дўхтир бошқа қандай маслаҳат беришини билмай, кўзини стол устидаги дафтарга тикди.
Шу пайт эшик очилиб хонага кўҳликкина қиз кирди. Унинг бесаранжом кўзлари ва қизариб кетган юзи хонадагиларнинг эътиборини тортди.
– Кираверишда бир тирмизак менга гап отди, – деди ўзини йиғидан аранг тутиб тутган қиз.
– У бизнинг невара, – деди эркак гуноҳкорона оҳангда. – Тартибга олмаса бўлмайди.
Дўхтир азбаройи қизга раҳми келганидан эркакка юзланди:
– Чақиринг-чи бу ёққа.
Эркак хонадан чиқиши билан дўхтир аёлга парда билан тўсиб қўйилган хона четига ўтишини сўраб, қизга топшириқ берди.
– Онахонни назоратдан ўтказинг.
Қиз бир дўхтирга, бир аёлга қараб, ҳайрон бўлганича парда орқасига йўналди.
Ортидан кирган аёл билан паст овозда савол-жавоб қиларкан, эшикдан эркак неварасини олиб кирди.
– Салом қани? – деди дўхтир иккала қулоғига ҳам мусиқа эшитиш мосламасини тақиб олган ўспириннинг сабза урган мўйлови ва антиқа услубда пардоз берилган сочига тикилиб.
Йигитча ҳали жавоб бермай парда орқасидан пиқирлаган кулги овози эшитилди ва аввал оппоқ халат кийган ҳамшира, ортидан аёл кўринди. Дўхтир бир муддат олдин йиғламоқдан бери бўлиб турган ҳамширанинг кулги яширинган юзига савол назари билан қаради.
– Сиз ўйлаган бола мана шу шумтака экан, – деди кулиб ҳамшира. – Қариялар қўшни бинода жойлашган вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга келишган экан. Адашиб бизнинг поликлиникага келиб қолишибди.
Ҳамшира шу гапларни айтаркан, кулгисини тўхтатиб қолиш учун қўли билан оғзини беркитди. Эркак бошқа жойга келиб қолганидан хижолатда, аёл эса дўхтир қўйган ташхисдан ийманиб, юзи қизарган, ўспирин жазодан қутулгани аён бўлган боис яна мусиқа эшитишга тутинган эди. Фақат кечаси кам ухлагани оқибатида бўлиб ўтган воқеанинг моҳиятини ҳали тўлиқ англаб етмаган дўхтирнинг қиёфасидан ҳеч нимани англаб бўлмасди.
Хуршид Нуруллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter