Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тойлоқ ва Самарқанд туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилди

Тойлоқ ва Самарқанд туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилди

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 19 мартида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда 5 та муҳим ташаббус илгари сурилганди.

Мазкур беш ташаббуснинг 3-йўналиши – «Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш» доирасида республиканинг барча шаҳар ва туманларида компьютер технологиялари, робототехника ва киберспорт тўгаракларини мужассам этган Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш режалаштирилди.

Шу муносабат билан, 2020 йилнинг 29 август куни Тойлоқ ва Самарқанд туманларида шундай марказларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тойлоқ туманидаги марказнинг очилиш маросимида туман ҳокими Б.Бобоназаров, ҳокимнинг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Д.Ҳақбердиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д.Хўжамбердиев, вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг вилоят бўлинмалари раҳбарлари, туман фаоллари ва 50 нафардан зиёд ёшлар иштирок этдилар.

Самарқанд туманида эса марказ очилишида туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари З.Шодиева, АКТ вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг вилоят бўлинмалари раҳбарлари, туман фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар.

Мазкур марказларда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар компьютер саводхонлиги бўйича бепул ўқитилади ва курсларни муваффақиятли тугатганларга сертификатлар берилади.

Марказ ахборот-коммуникация технологиялари ўқув маркази, робототехника ўқув маркази ва киберспорт йўналишларидан ташкил топган.

Мазкур марказларнинг очилиши ушбу туманлар ёшларига Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан байрам совғаси бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг