Тошкентлик аёлга тегишли икки қимматбаҳо машина 8 март куни қасддан ёқиб юборилгани маълум бўлди
Интернет тармоғида ёнаётган иккита автомобил акс этган видеолавҳа ва суратлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
8 март куни тахминан соат 05.30 да Миробод тумани Шаҳрисабз кўчасида 36 ёшли Камила И.га тегишли «Mercedes-Benz GLS300» (давлат рақами 01 Y 549 HB) ва «BMW X5» (давлат рақами 01 F 701 XA) автомобилларига қасддан ўт қўйилгани аниқланди. Зарар миқдори тахминан 225 000 АҚШ долларини ташкил этди. Ҳозирги вақтда тергов олиб борилмоқда, ҳодиса тафсилотлари ўрганилиб, ўт қўйган кишининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда, жабрланувчи ва гувоҳлар сўроқ қилинмоқдалар.
Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173 моддаси иккинчи қисми «в» бандига («Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш») мувофиқ жиноий иш қўзғатилди. Эслатиб ўтамиз, бу каби ҳолатларда қонунчилик томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазолар белгиланиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter