Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда ЙПХ ходимини машина устида «сайр» қилдирган ҳайдовчи қамалди

Тошкентда ЙПХ ходимини машина устида «сайр» қилдирган ҳайдовчи қамалди

Тошкент шаҳрининг Нукус кўчасида давлат рақами белгилари бўлмаган «Malibu» русумли автомобил ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатланишда давом этган.
Ҳолатни тўхтатиш мақсадида ЙПХ ходими йўлга чиқиб, автомашинани тўхтатишга уринади. Бироқ ҳайдовчи ходимни уриб юбориб, тахминан 1,5 километр масофагача машина устида судраб кетади.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида ҳайдовчи тўхтатилган ва ушланган. У қилган хатти-ҳаракатидан қаттиқ пушаймонлигини маълум қилди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноий иш қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда эса «Tracker» ҳайдовчиси ЙПХ инспекторини уриб, оғир тан жароҳати етказди.
2025 йил 23 апрель куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Дўрмон йўли ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори ҳайдовчи томонидан уриб кетилган.
Тиббий текширув натижаларига кўра, ЙПХ инспекторига ўнг ва чап қўлда кўплаб шилинмалар, чап чаноқ суягининг бир неча жойдан сингани, чап тизза соҳаси ва оёқ юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхислари қўйилган.
Инспекторнинг сўзларига кўра, у тирбандликни тартибга солиш мақсадида чорраҳа марказида қулай жой танлаган. Шу пайт тезликда келган «Tracker» уни уриб юборган. Ҳодисадан сўнг, ҳамкасблари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг