Тошкентда хавфли касаллик тарқалиши мумкин бўлган ҳудуд «дом» қуришга сотиб юборилди
Ижтимоий тармоқларда Юнусобод тумани аҳолисининг Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудидаги қурилиш ишларидан норозилиги акс этган видеомурожаат эълон қилинди.
Маълум бўлишича, 70 йил давомида юқумли касалликларга қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқарилган тадқиқот институти ўрнида кўп қаватли турар жой қурилиши бошланган. Аҳоли бу ҳудудда эмдорилар синаб кўрилган ҳайвонларнинг жасади кўмилгани, айрим инфекция қўзғатувчи споралар ўлмаслиги ва 100 йилгача сақланиб қолиши, шу сабабдан ҳам ҳудудни қазиш мумкин эмаслигини айтмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу мурожаат юзасидан маълумот берди.
Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти турли юқумли касалликларни ўрганиш, ташхислаш ва уларнинг олдини олиш каби долзарб муаммоларни ўрганувчи йирик илмий марказлардан бири ҳисобланади. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти 100 йилдан ортиқ вақт давомида 120 турдаги маҳсулотлар орқали куйдирги, вабо, безгак, қутуриш, сил, қоқшол ва бошқа касалликларга қарши вакцина ишлаб чиқарган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 ноябрдаги «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан маҳаллий иммунобиологик препаратлар яратиш, вакцина ва зардоблар ишини ҳамда фармацевтик биотехнологияни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлари қўллаб-қувватланган. Шунингдек, қарорга асосан институтда 13 та лаборатория ташкил этилиб, бугунги кунда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Маълумки, хавфли касалликларнинг қўзғатувчилари узоқ муддат давомида ташқи муҳитда, айниқса қуёш тушмайдиган нам жойларда сақланиб қолади. Институт ҳудудида турли юқумли ва ўта хавфли касалликларга қарши вакциналар ишлаб чиқарилганлигини инобатга олиб, қурилиш ишлари аҳоли саломатлигига қанчалик хавф туғдиришини аниқлаш мақсадида бугунги кунда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш ишлари якунланганидан сўнг қўшимча маълумот берилади, дейилади Фармасевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабарида.
Қайд этилишича, маҳалла аҳли бу қурилишларга мутлақо қарши ва қурилишга розилик бермоқчи эмас. Амалдаги тартибга кўра, қурилишга доир лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланиши учун шу ерда яшовчи аҳолининг розилигини олиш талаб этилади, бироқ бу тартибга риоя қилинмагани айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter