Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда тирбандликлар бошланди

Тошкентда тирбандликлар бошланди

Фото: «Xabar.uz»

Пойтахт йўлларида кеча, 6 сентябрдан бошлаб катта тирбандликлар юзага кела бошлади.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бунинг сабабини таътил мавсуми тугаши, мактаблар, лицейлар, олий ўқув юртларида ўқув жараёнлари бошланиши билан пойтахт йўлларида харакатланаётган транспорт воситалари сони ортгани билан изоҳлади.

«Пойтахтимиз кўчаларида енгил автомобиллар ҳамда йўналишсиз таксилар сонининг кўпайиши тирбандликларни келиб чиқарди. Бу эса ўз навбатида автобус ва йўналишли таксилар оралиқ вақтининг ошишига олиб келди.

Ўқув мавсумининг биринчи кунида йўналишсиз такси хизматларига бўлган катта талабдан айрим ҳайдовчилар кўпроқ фойда оламан деб сунъий равишда йўналишсиз такси хизматлари нархини кескин ошириб юборган ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тиғиз вақтда Тошкент шаҳри аҳолисига жамоат транспортининг 1 397 та ҳаракат таркиби, шу жумладан 850 та автобуслар ва 547 та микроавтобуслар хизмат кўрсатган.

Бундан ташқари соат 7:30 дан 9:00 гача метрополитеннинг Чилонзор метро йўналишида 3 дақиқа, Ўзбекистон йўналишида 4 дақиқа ва Юнусобод йўналишларида 7 дақиқалик оралиқ масофа билан метро поездлари ҳаракатланган.

«Йўналишсиз такси хизматларидан мобил илова орқали фойдаланишни тавсия этилади, бунда вақтингизни ва пулингизни тежайсиз», дея маслаҳат беради пойтахт транспорт бошқармаси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг