Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда ўзбек-хитой илмий-технологик парки очилди

Тошкентда ўзбек-хитой илмий-технологик парки очилди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Жаҳон Фанлар академияси (Триест, Италия) ва Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси президенти Бай Чуньли бошчилигидаги Хитой илмий-текшириш муассасалари раҳбарларидан иборат ўн кишилик делегация 23 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди. Делегацияни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва вазирликнинг масъул ходимлари қабул қилдилар. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Шу куни Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида ўзбек-хитой илмий-технологик паркининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Вазирлик фаолияти билан танишган меҳмонлар ҳозирда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини таъкидлаб, илмий-тадқиқот соҳасини ҳам биргаликда ривожлантириш бугунги кун талаби эканлигини айтдилар.

Юздан ошиқ илмий-тадқиқот муассасаларини ўз ичига олган Хитой Фанлар академияси юқори технологиялар, инновацияларни иқтисодга жорий этиш бўйича етакчи ташкилот ҳисобланади. Унинг бошқа мамлакатларнинг Фанлар академияларидан фарқли жиҳати шундаки, у нафақат илмий тадқиқотлар билан шуғулланади, балки унинг қошидаги учта йирик университет турли йўналишлар бўйича магистрантлар ва докторантларга таълим бериш билан ҳам шуғулланади.

Бугунги кунда бу университетларда хорижлик талабалар, ёш илмий ходимлар учун махсус стипендиялар жорий қилинган бўлиб, айни пайтда бу ўқув муассасаларида 20 нафардан ортиқ ўзбекистонликлар таълим олиб келмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги юртдошларимизнинг мазкур дастурлар бўйича ўқишлари учун янада кенгроқ шароитлар яратиш зарурлиги ҳақида таклифларни ишлаб чиқиш мумкинлигини айтиб, бугунги кунга келиб тахминан шунча ёш олим вазирлик қошидаги Жамғарма ҳисобидан турли мамлакатлар университетларида таълим олиб қайтганлари ҳақида гапирди. Томонлар таълимнинг бу йўналишини ривожлантириш борасида ҳамкорликда ишлар амалга ошириш, биргаликда грантлар эълон қилиш, хитой илмий-тадқиқот муассасаларининг филиалларини очиш мумкинлигини айтдилар.

Хитойлик олимлар глобал иқлим исиши ва қурғоқчилик бўйича илмий изланишлар асосида қатор амалий ишларни амалга ошираётганларини инобатга олиб, Оролбўйи ҳудудида юзага келган жиддий муаммоларни бартараф этишга ҳиссасини қўша оладиган малакали илмий кадрлар тайёрлаш масалаларини кўриб чиқиш лозимлиги муҳокама қилинди. Жумладан, қурғоқчилик ва шўралаган тупроқ шароитида ўсиб унадиган, ҳосил берадиган ўсимликлар уруғларини етиштириш масаласи долзарблиги ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Хитой уруғчилик тажрибалари билан алмашиниш зарурлиги таъкидланди.

Профессор Бай Чуньли ноябрь ойининг бошларида Илмий-техникавий ривожланишни қўллаб қувватловчи халқаро иттифоқ тузилганини ва унга 9 мамлакат Фанлар академиялари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳам кирганини айтиб, мазкур платформада кўплаб сермаҳсул илмий изланишлар қилиш, ёш олимларни тайёрлаш мумкинлигини айтди. Бундан ташқари «Бир макон – бир йўл» иқтисодий ривожланиш стратегияси ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кенглиги боис икки давлатларнинг илмий-тадқиқот муассасалари олдиларига аниқ, жамият ва халқ учун фойдали мақсадларни қўйиб, ҳамкорликни янада кучайтиришлари лозимлиги қайд этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг