Тошкентда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бошланди
Бугун, 15 апрел куни Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтмоқда.
2022 йилнинг 7 сентябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида «Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё» Стратегик мулоқотининг биринчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтган эди.
Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Ўмон, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Кенгаш мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсат, хавфсизлик, савдо ва инвестиция, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар ва спорт соҳаларидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболларини муҳокама қилдилар.
Бугунги кунда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари бир-бирини ишончли ҳамкорлар деб билади. Форматнинг барча иштирокчилари икки минтақанинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорлигини кенгайтиришдан манфаатдор.
Икки минтақа ўртасидаги тарихий алоқалар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва фаоллаштиришнинг муҳим асоси саналади. Қадимдан Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари халқлари ўртасида яқин савдо алоқалари, умумий қадриятлар ва анъаналар мавжуд бўлган. Албатта, муқаддас Ислом дини халқларимизни бирлаштирувчи қудратли омил ҳисобланади.
Формат истиқболларини 2023 йил 19 июль куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммити якунлари тасдиқлайди. Олий даражадаги саммитда давлат етакчилари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берувчи 2023-2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режасини тасдиқладилар.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда сўзга чиқиб, улкан иқтисодий, табиий ва интеллектуал ресурсларга эга Кўрфаз давлатларининг глобал барқарорлик ва энергетика хавфсизлигини таъминлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси ижобий тажрибадан келиб чиқиб, икки минтақа ўртасида сиёсат, технология ва инвестиция, «яшил» иқтисодиёт, савдо ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, экология ва иқлим ўзгариши, туризм, маданият ва таълим каби қатор муҳим йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари барча иштирокчи мамлакатлар етакчилари томонидан якдил қўллаб-қувватланди.
Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши 1981 йил 25 майда ташкил этилган минтақавий ташкилот бўлиб, унга Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар, Ўмон ва Баҳрайн киради. Ушбу давлатлар углеводородлар етказиб берувчи етакчи минтақа ва нуфузли жаҳон молия маркази ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий мақсади – сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини мувофиқлаштириш, яъни иқтисодий ва молиявий масалалар, таълим ва маданият, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш, оммавий ахборот воситалари ва туризм, қонунчилик ва бошқарув муаммолари каби соҳаларни тартибга солишдан иборат. Кенгаш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳаларида илмий ва технологик тараққиётни рағбатлантиради.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз араб давлатлари билан алоқалари янги поғонага кўтарилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда фаол ривожланмоқда. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашиляпти. Ушбу тузулмага аъзо мамлакатлар билан ўзаро товар айирбошлаш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони изчил ортиб бораётир. Улар орасида «АCWA Power», «Мasdar», «Мubadala», «TACA», «Nebras Power» каби етакчи компаниялар билан ҳамкорликда умумий қуввати 15 гигаваттдан ортиқ қуёш ва шамол электр станцияларини ҳамда энергия сақлаш иншоотларини қуриш каби муҳим лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Бўлажак Тошкент учрашувидан томонларнинг бир-бирининг салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқариш йўлидаги навбатдаги қадами бўлиши, жадал ривожланаётган икки минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро тушуниш, ишончли мулоқот ва тенг ҳуқуқли шериклик платформасини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
«Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашувини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов очиб берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter