Тошкентда бир кунда 62 автомобил жарима майдонига «тиқилди»
Пойтахтда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг 62 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилди.
17 ноябрь куни ўтказилган рейд тадбирлари давомида маъмурий жарималарни муддатида тўламаган транспорт воситаси ҳайдовчилари замонавий технологиялар ёрдамида аниқланиб, 617 та қоидабузар ҳайдовчидан 269 миллион 45 минг сўм қарздорлик ундирилган ҳамда жаримани тўлашдан бош тортганларга тегишли бўлган 62 та автотранспорт воситалари жарима майдонларига жойлаштирилган.
Амалдаги тартибларга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳайдовчи жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кундан кечиктирмай тўлаши лозим. Ана шу муддатда тўланмаган жарималар МИБ иш юритувига ўтказилади ва мажбурий тарзда ундириш чоралари кўралади.
Маълумот учун, Бюро органлари томонидан ижро иши доирасида автотранспорт воситаларига тақиқ қўйиш, уларни хатлаш, жарима майдончасига жойлаштириш, реализация қилиш, қарздорга тегишли пластик карталардан пул маблағини ечиб олиш, ундирувни иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга қаратиш каби мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиши мумкин.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ИИБ ЙҲХБ органлари қарорлари асосида йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилардан ўз вақтида тўланмаган 176 миллиард 747 миллион сўм жарима ундирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter