Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда АҚШнинг Вебстер университети магистратурасига қабул бошланди

Тошкентда АҚШнинг Вебстер университети магистратурасига қабул бошланди

Фото: «Tuit.uz»

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда фаолият бошлаган АҚШнинг Вебстер университети «Master of Business Administration» (MBA: Бизнес бошқаруви магистратура йўналиши) ўқув дастури асосида лойиҳаларни бошқариш йўналишига талабаларни қабул қилишни бошлади. Бу ҳақда университет сайтида хабар берилди.

Ўқув дастури давомийлиги 18 ой, 3 семестрлиги маълум қилинган.

Таълим ТАТУда, Вебстер университети профессорлари ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар томонидан (инглиз тилида), университетлар ўртасида имзоланган келишувга асосан олиб борилади.

Вебстер университетининг MBA дастури «АҚШнинг бизнес-мактаблар ва дастурлар аккредитация кенгаши»нинг аккредитациясидан ўтган бўлиб, унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳам мақулланган. Таълимни муваффаққиятли тамомлаган талабалар «Лойиҳаларни бошқариш» йўналишида Вебстер университетининг MBA магистри дипломини қўлга киритадилар.

Хабар берилишича, ўқув тўлов-контракти қиймати бир семестр учун — 3000 АҚШ доллари, умумий тўлов эса — 9000 АҚШ доллари. Тўлов Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси — сўмда амалга оширилади (АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати Марказий банк томонидан тўлов амалга оширилган кунда белгиланган курсда ҳисобланади). Дарсликлар ва таълим жараёни учун зарур ўқув материаллари учун тўловлар қўшимча тарзда амалга оширилади.

Ўқиш 2019 йилнинг мартидан бошланади. Талабалар ўқиш даврида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги ташкилотларда амалиёт ўтайдилар.

Тошкентдаги Вебстер университети магистратурасида таълим инглиз тилида олиб борилади — IELTS бўйича талаб 6.0 ва ундан юқори.

Таълим олиш хоҳишини билдирганлар бакалавр босқичини тамомлаган бўлишлари ҳамда иқтисодиёт, бизнес ва менежмент бўйича базавий билимларга эга бўлишлари талаб этилади.

Хабар берилишича, аризаларни 2019 йилнинг 20 февралигача топшириш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг