Тошкент халқаро аэропортидаги такси монополиясига чек қўйилади
Ижтимоий тармоқларда «Ислом Каримов» номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида автотураргоҳлар учун тўловлар миқдори оширилгани, шунингдек, аэропорт ҳудудида фақат ягона такси хизмати монополия бўлиб олгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолатни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўрганиб чиққанида, ҳақиқатдан ҳам аэропорт ҳудудида фақатгина битта тадбиркорлик субъектига маълум бир шарт-шароитлар яратиб берилгани, ушбу субъектдан тўловлар ундирилмаётганлиги, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг автомобиллари аэропорт ҳудудига киритмаётгани ва тўлов миқдорини оширилиши орқали ушбу соҳада рақобатни чеклаш ҳолати содир этилгани аниқланган.
Юқоридаги ҳолат бўйича Рақобат қўмитаси 2022 йил 23 декабрида «Uzbekistan Airports» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Қонуни 16-моддаси бешинчи хатбошиси ҳамда «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни 11-моддаси учинчи қисми талаблари бузилган деб қарор қилган ва «Uzbekistan Airports» АЖга мажбурий кўрсатмалар берган.
Бироқ «Uzbekistan Airports» АЖ Қўмитанинг қарор ва кўрсатмасидан норози бўлиб, Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган.
Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 28 мартдаги ҳал қилувчи қарори билан «Uzbekistan Airports» АЖ шикояти рад этиб, Қўмитанинг қарор ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирилган. Аммо суд қароридан қониқмаган «Uzbekistan Airports» АЖ Тошкент шаҳар маъмурий судига апелляция киритган.
«Uzbekistan Airports» АЖнинг апелляция шикояти асосида Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси томонидан ҳам кўриб чиқилиб, 2023 йил 12 июнда апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter