Тошкент шаҳрининг 11 та чиқиш постларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда: Давлат солиқ қўмитаси изоҳ берди
Солиқ тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар даврида қонун устуворлигига риоя этган ҳолда, инсофли солиқ тўловчилар учун тенг рақобат шароитини яратиш ва яширин фаолият юритаётган субъектларни аниқлаш мақсадида 2019 йил 18-20 январь кунлари Тошкент шаҳрининг 11 та чиқиш постларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси, Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар берди.
«Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг Тошкент шаҳридаги чиқиш постларида олиб бораётган профилактик тадбирлари билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритиш учун Роҳат ва Чилонзор постларида бўлдик», дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, ушбу тадбирларда давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг навбатчилиги ташкил этилиб, уларга 43 нафар малакали ходимлар жалб қилинган.
Профилактик тадбирларнинг асосий мақсади эса юк ташиб ўтаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари учун қонуний ишлашнинг устунликларини тушунтириш, товарларнинг ҳаракатини мониторинг қилишдан иборат.
Тадбир давомида навбатчиликка жалб этилган ходимлар томонидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси инспекторлари ёрдамида давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда, транспорт воситалари ҳаракатига халақит бермасдан, олиб ўтилаётган юкларнинг йўл ҳужжатлари текширилиб, улардан нусха (электрон суратга) олинмоқда.
Юкларни саноқдан ўтказиш ёки юк хатига тўғри келишини текшириш, маҳсулотларни олиб қўйиш қатъиян ман этилган.
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, келгусида солиқ қонунчилиги талаблари бузилишининг олдини олиш, маъмурий харажатларни камайтириш мақсадида ҳар бир давлат солиқ инспекторларига солиқ тартиби ўзгарган 10 та солиқ тўловчилар учун биттадан ходим бириктирилиб, улар билан манзилли иш олиб борилмоқда.
Ушбу тадбирлар жараёнида солиқларини вақтида тўлаб, қонун нормаларига риоя этаётган инсофли солиқ тўловчилар, бозордаги тенг рақобат муҳитига ҳужжатсиз маҳсулотларини сотиб, солиқларини тўламай ишлаётган, қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар салбий таъсир кўрсатаётганликларини қайд этмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси белгиланган тартибда қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлар фаолияти учун ҳеч қандай тўсқинликка йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter