Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳрида ёшларнинг минглаб муаммоси аниқланди

Тошкент шаҳрида ёшларнинг минглаб муаммоси аниқланди

Фото: Инновация вазирлиги матбуот хизмати

Шу йилнинг 22 июль куни Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек истироҳат боғида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев тумандаги ёшлар билан учрашди. Уларни қийнаётган муаммоларни тингланиб, саволларига батафсил жавоб бердилар. Бу ҳақда инновация вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирга келган ёшларнинг аксариятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун ғоялари, ўйлаб қўйган режалари бўлиб, улар ишларини бошлаб олишлари учун кредитлар, жой олишда қийинчиликларга дуч келаётганларини айтишди. И.Абдураҳмонов «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастурига асосан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш йўлга қўйилгани ҳақида тушунтирди, шунингдек учрашувга келган банк мутахассисларига ёшларнинг кредит олишлари ва улардан тўғри фойдаланишларини таъминлаш мақсадида уларга бизнес-режа тузишларида амалий ёрдам беришлари ҳақида кўрсатма берди.

Учрашувга нафақат ёшлар балки, уларнинг оналари ҳам келишди. Оналарни қийнаётган масала бу коллеж, лицейларда, мактабларнинг юқори синфларида ўқийдиган фарзандларини ишга жойлаштириш, уй-жой масалалари бўлди. Шунингдек, ёшларни ҳарбий хизматга жўнатиш масаласи ҳам кўтарилди. Фарзандини уч йилдан бери муддатли ҳарбий хизматга жўнатишга эришолмаган онанинг мурожаати ёзиб олиниб, тез кунларда ўрганиб чиқилиши айтилди.

Бундан ташқари, учрашувда тайёр дастурий лойиҳалари бор ёшлар гуруҳи ҳам ўз ишланмаларини намойиш этди. Улар вазирликка таклиф этилиб, лойиҳани амалга оширишда бевосита кўмак берилишига келишилди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳрининг 11 туманида туман штаблари ҳамда умумлаштирувчи шаҳар штаби ташкил этилган бўлиб, барча штабларга Инновацион ривожланиш вазирлигининг 11 нафар масъул ходимлари бириктирилган. Мазкур штабларда туманлардаги мутасадди идора ва корхоналар масъул ходимлари навбатчилиги ташкил этилган бўлиб, ҳар куни эрталаб соат 8-00 дан кечки пайт 22-00 га қадар улар иштирокида штабга келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳар бир туманда маҳаллалар сонидан келиб чиқиб, тегишли мутасадди 1476 нафар ходимлардан иборат 4 тадан 18 тагача жами 144 та ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда.

20 июль ҳолатига Тошкент шаҳридаги жами 494 та маҳалладан 72 таси тўлиқ ўрганиб чиқилди, қолган маҳаллаларда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Маҳалладаги ўрганишлар натижасида жами 39308 та хонадонга уйма-уй кириб чиқилиб, 1166 та муаммолар аниқланган.

Тошкент шаҳар бўйича жами 47081 нафар ёшлар билан мулоқот қилинган. Уларда 16651 ечимини кутаётган муаммолар борлиги аниқланган ва шундан 123 нафари ижобий ҳал этилди. 15528 мурожаат эса ўрганиш жараёнида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг