Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент метроси ТТЗ даҳасигача етказилади

Тошкент метроси ТТЗ даҳасигача етказилади

Бугун, 19 май куни давлат раҳбарига Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича режадаги лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.

Йиғилишда йўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент метрополитенининг янги йўналишлари қурилаётгани таъкидланди.

Қайд этилишича, Юнусобод йўли Туркистон бекатигача, Чилонзор йўли Сергели туманигача узайтирилди. Давлат раҳбари ташаббуси билан Тошкентда ерусти метроси ҳам пайдо бўлди – Дўстлик бекатидан Сергелигача бўлган ерусти ҳалқаси барпо этилди. Бу янги йўналишлар пойтахтимизнинг Юнусобод, Яшнобод, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларини боғлаб, аҳолининг кундалик қатновига катта қулайлик яратди.

Энди метрополитенни Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Бу бўйича ўтган аввалги муҳокамаларда Президент лойиҳани маблағ ва қулайлик жиҳатидан мақбуллаштириш вазифасини қўйган эди. Шу асосида тайёрланган янги таклифга кўра, лойиҳани 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Мирзо Улуғбек туманининг Феруза даҳасигача мавжуд темир йўлга параллел равишда ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳаси шоҳ бекатигача йўналиш барпо этилади.

Ҳозирги кунда шу томондан пойтахт марказига бир кунда 47 мингта автотранспорт, жами 194 мингта йўловчи кириб келиши кузатилмоқда. Режалаштирилган янги йўналиш 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.

Тақдимотда лойиҳанинг техник ва амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг