Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент ҳокимияти орттирилган бюджет пуллари ҳақидаги маълумотларни очиқламаган

Тошкент ҳокимияти орттирилган бюджет пуллари ҳақидаги маълумотларни очиқламаган

Тошкент, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бюджет маблағларининг режадан орттириб бажарилган қисми ва бу маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш мажбуриятларини умуман бажармагани аниқланган.

Бу ҳақда 21 декабр куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлисида айтиб ўтилди.

Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштириб борилишига оид мажбуриятларига риоя қилиниши ўрганилиб, таҳлил этилган.

Ўрганишда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоят ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағларининг режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотларда камчиликларга йўл қўйилган ҳолда қисман очиқланиши таъминлангани аниқланган.

Илғор халқаро стандартлар талаблари асосида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳаси Агентлик томонидан ишлаб чиқилган.

Президентнинг 2021 йил 16 июндаги фармонига мувофиқ Агентликка давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган. Хусусан, очиқ маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши, оммавий ахборот воситалари орқали давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларига давлат органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги маданиятини сингдириш каби муҳим вазифалар шулар жумласидандир.

Очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузганлик ёҳуд маълумотларни нотўғри кўрсатганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима жазосини ўрнатиш кўзда тутилган.

Хусусан, ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазосини ўрнатиш белгиланмоқда.

Қўмита мажлисида юқоридаги ҳолатлар юзасидан турли фикр мулоҳазалар билдирилди. Мазкур масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг