«Толибон» раҳбарлари кимлар?

Афғонистонни «Толибон» ўз назоратига олди. Мамлакатни расман ким бошқариши ва янги ҳукуматга кимлар кириши ҳозирча номаълум. Аммо ушбу ташкилотдаги асосий шахслар ҳақида айрим маълумотлар бор.
1. Ҳайбатуллоҳ Охундзода (1961 й.т.) — 2016 йилдан толибларнинг олий қўмондони. Толибларнинг биринчи ҳукмронлиги даврида (1996-2001) у шариат судларидан бирини бошқарган. Ҳарбийдан кўра кўпроқ илоҳиётшунос сифатида ном қозонган. Толиблар орасида қаттиқ консерватор деб ҳисобланади.
2. Абдул Ғани Бародар (1968 й.т.) — Охундзоданинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари. «Толибон»нинг тўртта таъсисчисидан бири. Бош дипломат ва ҳаракатнинг таниқли шахси. «Толибон»нинг биринчи ҳукуматида мудофаа вазирининг ўринбосари бўлган. Кейинчалик у ҳарбий операциялар ва терактларни режалаштиришда муҳим роль ўйнаган ҳамда уларни молиялаштириш учун жавобгар бўлган. Фақат аниқ мақсад билан гапирадиган хотиржам дипломат сифатида таърифланади.
3. Муҳаммад Ёқуб (тахминан 30 ёшда) — Охундзоданинг ҳарбий ишлар бўйича ўринбосари. «Толибон» асосчиси Мулла Умарнинг ўғли. У Бародар билан яхши муносабатда деб ҳисобланади ва у билан бирга ҳаракатнинг нисбатан мўътадил қаноти вакили.
4. Сиражуддин Ҳаққоний (тахминан 45 ёшда) — отасининг вафотидан сўнг, у яратган «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳини бошқариб, «Толибон» сафига қўшилган. «Тармоқ» толибларнинг энг уюшган ва жанговар қобилияти юқори қисми ҳисобланади. Ўтган йили New York Timesда чоп этилган мақоласида шундай деган: «Ҳамма урушдан чарчаган. Ишончим комилки, одам ўлдириш ва майиб қилишни тўхтатиш керак».
5. Абдул Ҳаким — илоҳиётшунос, тахминан Охундзоданинг тенгдоши ва унинг яқин сафдоши. У каби, ҳеч қачон дала қўмондони бўлмаган. Прогнозларга кўра, у Афғонистондаги шариат судлари тизимини бошқариши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter