Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Толибон» дунёдаги энг бой хазинани ҳам қўлга киритди

«Толибон» дунёдаги энг бой хазинани ҳам қўлга киритди

Ҳозирча афғон конларида маъданлар ибтидоий усулда қазиб олинмоқда.

 Фото: dpa

Афғонистонда марказий ҳокимиятни назоратга олган «Толибон» ҳаракати дунё иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга литий кони устидан ҳам назорат ўрнатди, деб ёзади «Quartz» нашри.  

«The New York Times» нашри 2010 йилда АҚШ геологлари Афғонистон ҳудудида тахминан 1 триллион долларлик улкан литий конини топганлари ҳақида хабар берган эди. Биргина Ғазни шаҳридаги литий кони айни пайтда дунёда энг йирик ҳисобланувчи Боливия конларидан ҳам кўпроқ захира эга экани айтилган эди. Ўтган 11 йил давомида мамлакатдаги қуролли зиддиятлар, коррупция ва бошқа бюрократик тўсиқлар сабаб литий конлари истифода этилмади.

«Толибон» дунёдаги энг муҳим стратегик минералларга эгалик қилмоқда. Улар бу маъданлардан фойдалана оладими? Бу масала келгусида муҳим аҳамият касб этади», – дейди Вашингтондаги экологик хавфсизлик дастури раҳбари Род Шуновер.

Гап шундаки, кумушсимон тусдаги литий электромобиллар, ноутбук ва мобил телефонлар ишлаб чиқариш ҳамда муқобил энергия тизимини яратишда муҳим ўрин тутади. Халқаро энергетика агентлиги прогнозига кўра, 2040 йилга бориб, дунё миқёсида литийга бўлган талаб ва эҳтиёж 2020 йилга қараганда 40 бараварга ошади. Демак, глобал миқёсда экологик тоза энергетика тизимига ўтилиши Афғонистонга улкан даромад келтириши мумкин. 

Бундан ташқари, Афғонистон ҳудудида олтин, темир, мис, кобальт каби қимматбаҳо маъдан захиралари ҳам аниқланган. Масалан, темир рудаларининг расман тасдиқланган захираси 2,2 миллиард тоннани ташкил этади.

Мавжуд конларни ўзлаштириш ва маъданларни қайта ишлаш орқали мамлакат дунёнинг кончилик марказларидан бирига айланиши мумкин. Аммо конларни ўзлаштириш ва еростидаги бойликларни юзага чиқариш осон бўлмаслиги аниқ. Негаки, ўн йиллардан буён уруш давом этаётган ўлкада оғир саноат ва кончилик йўлга қўйилмаган, маъданлар ҳозирга қадар ибтидоий усулларда қазиб олинади. Замонавий кон инфратузилмасини шакллантириш учун эса катта маблағ ва узоқ вақт талаб этилади. Боз устига, конларни интенсив ўзлаштириш экологик муаммоларни юзага келтиришини ҳам унутмаслик керак.

Кузатувчиларга кўра, АҚШнинг сиёсий саҳнадан чекиниши ортидан Афғонистон тупроғидаги улкан табиий бойликларни ўзлаштириш борасида Хитой ва Россия ўзаро рақобатлашиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг