Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тўғри вақтда, тўғри манзилга келдингиз» – Туркия элчиси

«Тўғри вақтда, тўғри манзилга келдингиз» – Туркия элчиси

Фото: «Xabar.uz»

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ҳолатига баҳо берди. Бу ҳақда дипломат Turkish HVAC-R – Туркиянинг йирик ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг Тошкентдаги анжуманида сўзлади.

«Тўғри вақтда, тўғри манзилга келдингиз. Ўзбекистонда ишбилармонлик учун қулай муҳит яратилган. Мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабат сабаб турли соҳалар қаторида иқтисодий алоқалар шиддат билан ривожланмоқда. Буни 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси 3 миллиард 645 миллион долларга етгани, бу борада 72 фоизли ўсиш кўрсаткичи қайд этилгани ҳам тасдиқлайди», – деди элчи О.Бекар.

Бу ҳали сўнгги марра эмаслигини таъкидлаган дипломат туркиялик ишбилармонларни Ўзбекистонга кўпроқ сармоя киритиш, ҳамкорликни яна кучайтириш учун янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга даъват этди.

Анжуманда қайд этилишича, Turkish HVAC-R – Туркиянинг йирик ишлаб чиқарувчилар уюшмаси Ўзбекистонга маҳсулот экспортини ошириш имкониятларини ўрганмоқда.  

Таҳлилларга қараганда, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда турк капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 2 баробар, мамлакат иқтисодиётига киритилган Туркия сармояси ҳажми эса 10 баробар ошган.

Ўзбекистон статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда мамлакатимизда хорижий капитал иштирокидаги янги компаниялар сони бўйича Туркия биринчи ўринни эгаллади. Ўтган йиллар давомида бу борада Хитой етакчилик қилаётган эди. 2021 йилда турк сармояси асосида 407 корхона таъсис этилди.

Аввал хабар берганимиздек, Туркия статистика институти (TÜİK) ҳам икки давлат ўртасида ҳам экспорт, ҳам импорт кўрсаткичлари ошаётганини қайд этган. 

Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказишни кўзламоқда. Шу мақсадда мамлакатлар ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Электрон тижорат соҳасидаги битим юзасидан келишув жараёни кетмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг