Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тиланчиликни касб қилиш мумкинми?

Тиланчиликни касб қилиш мумкинми?

Фото: Xabar.uz

Одатда тиланчи деганда кўз олдимизга жисмоний жиҳатдан заиф, кўриниши абгор: юз-қўли кир, кийимлари йиртиқ-ямоқ одам келади. Аммо бугун тиланчилар ҳам, уларнинг қиёфаси ҳам ўзгараётгандек, назаримизда. Бу қадим «касб» катта-кичик урушлар, парокандалик, қурғоқчиликлардан қолган асорат бўлса-да, ҳозирги тинч, фаровон замонда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Одам гавжум жойлар, жамоат транспорти, масжидлар ёнида тиланчиликни «касб» қилган тўрт мучаси соғлом, ишласа ўзи тугул катта рўзғорни тебратиш қобилиятига эга эркаклар, оддий тикиш-бичиш ҳунари орқали ёки бирор жойда фаррошлик қилиб бўлса-да кундалик эҳтиёжини қоплаши мумкин бўлган аёлларнинг борлиги ачинарли ҳолат.

Айниқса, ёш боласи билан чиққан аёллар нури дийдасининг тарбияси бузулишига, унинг келажак ҳаётини хавф-ҳатарда қолишига сабабчи ҳам бўлади. Натижада болаларда ёлғончилик, кишилар олдида ўзини ночор сезиш, бировнинг ҳисобига яшаш каби иллатлар шаклланишига, носоғлом муҳит таъсирида улғайиб, эти қотади.

— Тиланчилик қилиш боқувчиси бўлмаган, кишилардан бирор нарса сўрашдан бошқа иш қўлидан келмайдиган кишилар учун ҳалол, аммо унинг ҳам чегараси бор, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков. — Яъни бу меъёр — бир кунлик ейиш-ичиш эҳтиёжини топгунга қадар бўлган вақт. Ундан ортиғи ҳаром саналади. Бунда ҳеч қачон эртаникини ҳам биратўла бугун топиб қўяй, дейилмайди. Кейинги кун Худо куч-қувват берса ёки бирор йўл кўрсатса, албатта, ишлаши, мабодо ҳеч иши ўхшамай, бошқа йўли қолмаса — яна кундалик эҳтиёжи учун тиланчиликка чиқиши мумкин. Мискин бўлиб, тирикчилигим шундан, дея шу ишга муккасидан кетиш фирибгарликдир. Бундайларнинг юзи икки дунёда ҳам шувут ҳолатда бўлади. Буни била туриб қилиш эса ўзини очиқ-ойдин хорликка маҳкум этишдир. Ўзини майиб-мажруҳ ҳолатда кўрсатиб, гадой, тиланчи қиёфасига солиш ҳам айни товламачиликнинг бир тури. Динимиз бундан қатъий қайтаради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг