Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

The New York Times мудҳиш қатл видеосини эълон қилди

The New York Times мудҳиш қатл видеосини эълон қилди

АҚШнинг The New York Times нашри Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида фаластинлик 15 нафар тиббий ходимни ўққа тутгани ва қириб ташлагани акс этган видеолавҳани эълон қилди.

Видеолавҳада Қизил ярим ой жамияти формасида, махсус эмблема туширилган машиналарда ҳаракатланиб кетаётган тиббий ходимлар ҳарбийлар ҳужумига учраганини кўриш мумкин. Ҳолатни телефони ёрдамида видеога олган тиббий ходим (фельдшер) араб тилида Исроил аскарлари ўққа тутаётганини айтади. Ўлим муқаррарлигини сезган фельдшер шаҳодат калимасини айтади ва “Мени кечиринг, она! Мен одамларга кўмак берувчи касбни танладим. Оллоҳ улуғдир”, – дейди. 

Тиббий ходимларни ўққа тутиш беш дақиқадан кўпроқ давом этади.

Маълум бўлишича, Фаластиннинг фуқаро мудофааси хизмати ва тиббий ходимларидан иборат гуруҳ 23 март куни Ғазо сектори жанубида ўлдирилган.

Жиноятни тасдиқловчи далил вазифасини ўтаётган видеолавҳани суратга олган фельдшер ҳам ўлдирилган.

Видеолавҳани The New York Times таҳририятига БМТнинг юқори мартабали ходими тақдим этган.

15 нафар тиббий ходимнинг жасади 30 март куни топилган. Қотилликни содир этган шахслар жиноятни яшириш учун жасадларнинг барчасини битта умумий қабрга кўмиб юборган.

БМТ  аввалроқ 15 нафар тиббий ходим Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилгани ҳақида баёнот берган ва айбдорларни жазога тортишни талаб қилган эди.

Исроил маъмурияти эса даставвал номаълум машиналар шубҳа туғдиргани сабаб ўққа тутилганини маълум қилганди. Кейинроқ Тель-Авив расмийлари ўлдирилганлар орасида террорчилар борлигини иддао қилган. Аммо видеолавҳада тез тиббий ёрдам ва Қизил ярим ой жамияти машиналарида таниқлилик белгилари мавжудлиги ва машиналар огоҳлантирувчи чироқларни ёққан ҳолда ҳаракатланганини кўриш мумкин.

The New York Times газетаси қатл саҳнаси акс этган видеодалилни эълон қилгани ортидан Исроил армияси ўз аскарлари хато қилганини тан олган. Аммо яҳудий давлати расмийлари қотилликлар учун жавобгарлик масаласига тўхталмаган.

Ғазо сектори фуқаро мудофааси хизмати вакили Маҳмуд Басал инсонпарварлик ташкилотлари ходимларини қасддан ўлдирган ҳарбийларни жавобгарликка тортишни талаб қилган. Унга кўра, Исроил ҳарбийлари ушбу жинояти учун жавобгарликка тортилмаса, инсонпарварлик ташкилотлари ходимларини қатл этиш давом этаверади.

2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган Исроил армияси минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлган. Уруш мобайнида ўнлаб халқаро ташкилотлар вакиллари, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва журналистлар ҳам ҳалок бўлган. 

Аввалроқ БМТнинг халқаро мустақил комиссияси эълон қилган ҳисоботда Исроил фаластинликларга нисбатан қасддан қотилликлар, ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар содир этаётгани таъкидланганди. Ҳисоботда, шунингдек, Исроил кучлари шифокорлар ва тиббий ходимларни қасддан ўлдиргани қайд этилган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазода БМТнинг кўп сонли ходимлари ҳалок бўлганини мисли кўрилмаган ҳолат деб атаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг