Термизлик фуқаро ўз боғидан хазина топиб олди
Қимматбаҳо топилмаларни музейга топширган сурхондарёлик фуқарога тегишли ҳақ тўлаб берилган.
Термиз тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро Улкан Эралиев боғни суғориш чоғида ердан олтин динор парчасини топиб олди. Шундан сўнг, у Термиз археология музейига мурожаат қилди. Бу ҳақда Туризм ва маъданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жойга етиб борган мутахассислар ва нумизматлари қазиш ишлари олиб бориб, Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид қимматбаҳо топилмани дастлабки экспертизадан ўтказишди.
Қайд этилишича, олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди.
Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган. Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга – олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган.
Маълум қилинишича, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар «динор», кумуш тангалар «дирҳам» деб аталар эди.
Қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширган Улкан Эралиевга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter