Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Термизда очилган Европа Иттифоқи билимлар маркази кимларга хизмат кўрсатади?

Термизда очилган Европа Иттифоқи билимлар маркази кимларга хизмат кўрсатади?

Элчи Ш.Адриан ЕИ афғон халқини қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.

26 январь куни Термиз шаҳрида Европа Иттифоқи билимлар марказининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Матильда Димовска қатнашди.

«Сурхондарё вилоятининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва тайёрлаш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш» ташаббуси доирасида молиялаштирилаётган марказ ЕИ, БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир.

«Европа Иттифоқи ҳозирги оғир шароитга қарамай, Европа кўникмаларни ривожлантириш йилида Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этади. Мазкур янги ташаббус кенг қамровли саъй-ҳаракатларимиз доирасида, ўзбекистонлик ҳамкорларимизнинг мурожаатига асосан илгари сурилган. Ташаббус Ўзбекистон ҳукумати ва ЕИнинг, қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра кўчирилган, ватанидан узоқда бўлган афғон фуқароларини қўллаб-қувватлаш ғоясига содиқ эканининг тасдиғидир», – деди ЕИ элчиси Ш.Адриан хоним.

Замонавий коворкинг майдони бўлмиш ЕИ билимлар маркази 2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази салоҳиятини янада кучайтиради. Марказ жамоада ишлаш, мустақил таълим олиш ва профессионал алоқаларни йўлга қўйиш учун платформа тақдим этади. ЕИ тақдим этган молиявий ресурслар ёрдамида марказ энг янги IT ускуналар, офис жиҳозлари ва дастурий таъминот билан жиҳозланган.

БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга татбиқ этилаётган лойиҳа Ўзбекистонда истиқомат қилаётган афғон фуқаролари турмуш шароитини яхшилаш ва уларга янги билим ҳамда кўникмалар беришга хизмат қилади.

2021 йил декабрь ойида тасдиқланган ҳужжатга кўра, ЕИ Афғонистон ва қўшни давлатлардаги афғонларни қўллаб-қувватлаш учун соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш шароитини яхшилаш йўналишларида 268 миллион евродан ортиқ қийматга эга лойиҳаларга маблағ ажратади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг