ТАТУ талабалари ўзбекча ажойиб видеоўйин яратишди. Энди уни тўлиқ ишга тушириш учун ҳомий керак! (видео)

«Great way» видео ўйини ҳақидаги илк маълумотлар «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Maslahat.uz» гуруҳида пайдо бўлган эди. Унда ўйинни яратиш жараёнидан лавҳалар, суратлар тақдим қилиниб, фойдаланувчилардан бу борада фикр сўралган эди. «Xabar.uz» таҳририяти ўйин асосчиларидан бири Жамшид Эшназаров билан боғланиб, бу ҳақда тўлиқ маълумот олишга киришди.

Фото: Ж.Эшназаровнинг шахсий архиви
«Great way» ўйинининг яратувчилари: Элбек Сатторов — дастурчи, Жамшид Эшназаров —моделлаштирувчи ва дизайнер, Адиз Амонов — моделлаштирувчи, Миркамол Миробидов — техник маслаҳатчи.

Ўйин ҳақида
«Great way» («Буюк йўл») — буюк тарихимиз ва бугунги кунимизни бирлаштириб турувчи йўл. Бу йўлда халқимиз турли синовларни бошидан ўтказган. Мард, жасур ва доно ота-боболаримиз бу қийинчиликларни сабр-қаноат билан енгиб ўтишган. Биз бу тарихни ҳеч қачон унутмаймиз ва буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари бўламиз. Мазкур ўйин халқимиз ўтмишининг бир бўлагини жонлантириш мақсадида бир гуруҳ ўзбек ёшлари томонидан ишлаб чиқилди. Ўйин жараёнидаги айрим хато ва камчиликлар учун муаллифлар аввалдан узр сўрайди.


— Жамшид, бу ўйинни яратишга нима туртки бўлди?
— Ўйинни яратиш ғояси анча олдин пайдо бўлган эди, чунки кўпчилик тарихни тўлиқ тасаввур қила олмайди. Биз бу ўйинни яратиш орқали юртимизнинг тарихий қиёфасини озгина бўлса-да очиб бермоқчи бўлдик. Барчамиз ТАТУнинг 4-босқич талабасимиз.


— Бундай ўйинлар бизда аввал ҳам яратилганми?
— Ўйлашимча, аввал бунақа даражада кенг саҳна ва юқори сифатли видеоўйин яратилмаган Ҳозир ўйинни интернетга жойлаш жараёни кетмоқда, яқин соатлар ичида уни юклаб олиш ва ўйнаб кўриш имкони бўлади. Ўйин учун махсус «greatway.uz» номли веб-саҳифа ҳам ишга туширдик.

— У ўзбек тилидами?
— Ўйин ҳозирча демо вариантда ва ўзбекча, агар лойиҳа давом этадиган бўлса, ўйинни уч тилда яратмоқчи эдик.
— Демак, ўйинни ўйнаш мумкин?
— Ҳозирча ўйинни демонстратив вариантда тақдим этдик, бемалол ўйнаш мумкин, фақат бунда сценарий йўқ, биз ўйин имкониятларини очиб бердик, холос. Ўйиннинг тугалланиши учун кўп ресурс керак, катта жамоа, кўплаб техник қурилмалар ва вақт лозим.


— Эндиги режалар қандай?
— Айни дамда ҳомий топиш мақсадида ўйинни бир қатор инсонларга кўрсатаяпмиз. Ҳомий топилса, юртимизда ўйинлар бозорини ривожлантириш ниятимиз бор. Ҳомий топилмаса, афсуски, биз учун ҳаммаси тугайди, ўқишни тамомлаб барчамиз ўз вилоятимизга қайтамиз ёки бирон-бир чет эл ўйин компаниясига ишга кирамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter