Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чекловлар олиб ташланди. Тошкентда янги қурилган уйдан кўчмас мулк сотиб олганлар пропискага ўтиши мумкин бўлади

Чекловлар олиб ташланди. Тошкентда янги қурилган уйдан кўчмас мулк сотиб олганлар пропискага ўтиши мумкин бўлади

Фото: «Xabar.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 845-сон қарори билан «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом» ҳамда «Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом»га тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда «Norma» хабар бермоқда.

Хабарингиз бор, 2017 йил июль-августдан бошлаб жорий этилган тартибга кўра, Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари янги қурилган уйда кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтиш имкони берилган эди. Унга кўра, битимнинг энг кам суммаси ҳақидаги шарт жорий этилган эди: 

  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган ва ўша минтақаларда доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун — қиймати 2 500 ЭКИҲдан кам бўлмаган (материал эълон қилинган санада — 460 млн 750 минг сўм). Шунингдек, олди-сотди битимини нотариал тасдиқлаганлик учун 5 фоизлик бож тўлаш ҳам талаб этилган;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келган ва яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан — қиймати 600 млн сўмдан кам бўлмаган. Шунингдек олди-сотди битимини нотариал тасдиқлаганлик учун 10 фоизлик бож тўлаш ҳам талаб этилган.

Ушбу талабни бажарганлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтиш учун ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга эдилар.

Энди эса, Ўзбекистон фуқаролари учун битим суммаси бўйича чекловлар тўлиқ олиб ташланди. Битим суммаси миқдори ҳатто 1 сўм бўлган тақдирда ҳам пропискадан ўтиш учун ҳужжат топшириш имкони бўлади.

Чет эл фуқаролари эса, қайси тоифага мансублигидан қатъи назар, 3 300 ЭКИҲ (материал эълон қилинган санада – 608 млн 190 минг сўм) тўлашларига тўғри келади.

Адлия вазирлиги 2018 йил февралда тайёрлаган лойиҳадан фарқли равишда, қабул қилинган ҳужжатда пропискага эга бўлмай туриб, иккиламчи бозорда турар жой сотиб олишга рухсат берилмаган. Гарчи бекор қилиш таклиф этилган бўлса ҳам, турар жой учун ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириш тартиби ҳам сақланиб қолди. 

Нашрнинг эслатишича, янги турар жойни ипотекага сотиб олиш пропискадан ўтишга тўсқинлик қилмайди.

Янгиликларнинг амалда жорий этилиши муайян даражада Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қабул қилинган ҳужжатга мувофиқлаштирилишига ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари учун битим суммасининг энг қуйи чегараси бекор қилинган экан, демак, турар жойнинг олди-сотди битимини нотариал тасдиқлаганлик учун давлат божини юқорида баён этилган тартибда ҳисоблаб чиқариш механизмига ҳам ўзгартириш киритилади.

Ҳужжат 2018 йил 24 октябрдан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг