Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тарихий обидалар фақатгина туризм объекти эмас, биринчи навбатда халқимизнинг бойлигидир — Азиз Абдуҳакимов

Тарихий обидалар фақатгина туризм объекти эмас, биринчи навбатда халқимизнинг бойлигидир — Азиз Абдуҳакимов

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан 5-6 октабр кунлари Самарқандда илк бора «Ўзбекистонда реставрация санъатини қайта тиклаш маданий мерос ва маданий ёдгорликларни асрашга доир долзарб масалалар» мавзусида реставраторлар семинари ўтказилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ва нодир маданий меросини асраб-авайлашни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш, инновасион ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини самарали қўллаш чораларини кўриб чиқиш мақсад қилинган. Ушбу семинарда Ўзбекистоннинг барча реставратор усталари иштирок этяпти.

Семинарни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари-Туризм ва маданий мерос вазири А.Абдухакимов очиб берди.

— Ватанимиз ҳудудидаги ўтмишдан садо берувчи кўплаб тарихий обидаларнинг маҳобати, ўзига хос меъморий услуби, минглаб йиллар силсиласидан бизгача етиб келаётгани бутун дунёни лол қолдирмоқда. Мамлакатимизга сайёҳларнинг аксарияти аждодларимиз томонидан бунёд этилган муҳташам санъат асарларини ўз кўзи билан кўриш, улардаги улуғворликни ҳис қилиш учун ташриф буюришади.

Умуман олганда маданий мерос объектлари, тарихий обидалар бу фақатгина туризм объекти эмас, биринчи навбатда бу халқимизнинг бойлиги ҳисобланади. Уларда миллатимизнинг буюк тарихи, маданияти акс этган.

Тан олиш керак соҳада мутахассислар етишмайди, айрим ҳолларда тарихий обидаларни таъмирлаш, тиклаш ишлари маданий меросни қиймати, қадрини тушунмайдиган шахсларга топширилган. Меъморчилик санъатининг дурдоналарини реставрация қиламан, таъмирлайман деб тарихий, бадиий қийматига шикаст етказган ҳолатлар ҳам бўлган.

Дарҳақиқат, шонли тарихимиздан дарак берувчи тарихий қадамжолар, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш бугунги авлоднинг муҳим вазифаси ва бурчидир. Маданий мерос обектларини таъмирлаш жуда нозик иш. Шу боис уларни таъмирлаш ва тиклаш ишларига ўз ишининг усталарини, айнан ўзбек меъморчилиги ё‘налишдаги мутахассисларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда, биз уларни тиклаш ўрнига, уларга тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказишимиз мумкин.

Биз ушбу семинар орқали соҳадаги келгуси 10 йиллик мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, Оʻзбекистон реставрация сан’атини бутун дунёга тараннум этишни ният қилиб олганмиз. Ўйлайманки бугунги ташкил этилаётган тадбир ҳам соҳадаги янги билим ва кўникмаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашинув учун катта мактаб бўлади, — деди Азиз Абдуҳакимов.

Азиз Абдухакимов шунингдек ўз нутқи давомида яқин вақтлар ичида Оʻрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этишни таклиф қилди.

Икки кун давом этадиган семинарда бир қатор мутахассисларнинг чиқишлари режалаштирилган бўлиб, уларда маданий мерос обектларини асрашга доир ишларга малакали уста реставраторларни жалб қилиш, Ўзбекистон имиджини кўтариш, ютуқларни оммалаштириш, соҳадаги камчиликларни муҳокама қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда анъанавий реставрация услубларини қайта тиклаш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг