Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танишингиз ёки «кўки»дан бўлмаса, ишингиз битмайди...ми?

Танишингиз ёки «кўки»дан бўлмаса, ишингиз битмайди...ми?

Фото: «Xabar.uz»

9 декабрь — Коррупцияга қарши курашиш халқаро куни. 2003 йил 21 ноябрда Мексикада БМТ Бош Ассамблеяси томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси имзоланган бўлиб, 9 декабрь - Коррупцияга қарши курашиш халқаро куни деб эълон қилинган. Ушбу кун 2004 йилдан бошлаб халқаро миқёсида ҳар йили нишонланади.

Коррупция – жамият ривожланишининг энг катта тўсиғи

Ноябр ойининг бошларида кўпчиликнинг диққат-эътибори куннинг энг долзарб мавзуси – коррупцияга қаратилди. Коррупция туфайли Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори ишдан олингани тўғрисидаги хабар деярли барча ижтимоий тармоқларни оёққа турғазди.

– Оддий қоида: коррупция бор жойда тараққиёт бўлмайди. Энди бу порахўрлик олий таълим тизимида авж олса-чи? Биринчи навбатда, истеъдодли ёшлар талаба бўла олмайди, юртдан чиқиб кетиб қолади. Охир-оқибатда мамлакатни, халқни саводсизлар, уқувсизлар бошқара бошлайди. Яна ўғрилик, яна коррупция авж олади! – деб ёзади журналист Фозил Фарҳод Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳида.

Лобар Хайруллаева эса, аввало, ислоҳотни ҳамма ўзидан бошласин, ҳеч ким пора бермасин, пора олмасин. Бировнинг ҳақидан, Оллоҳдан қўрқсин, дейди. Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими номидан кирувчи мухлис, коррупция жамият ривожланишининг энг катта тўсиғи, душмани. У бор экан ривожланиш бўлмайди, у бор экан келажагимиз порламайди, дея фикр билдиради.

«Танишингиз бўлмаса ишингиз битмайди»

Коррупция бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган иллат эканини мен тез-тез у билан рўбарў бўлганимда ҳис этаман. Икки-уч йилдан буён мана шу ҳолатга қарши мамлакатимизда кураш олиб бориляпти, бундан кейин ҳам олиб борилиши шарт. Бунга эса катта коррупцияларга йўл очиб бераётган майда коррупцияга мисолларимиз етарлича.

Жорий йилнинг август ойида Халқ таълими вазирининг фарзандини доимий яшаш жойидан бошқа ҳудуддаги мактабларга беришни истовчи ота-оналар томонидан мактабга маблағ тўланишини жорий қилиш ҳақидаги таклифи тарқалди. Яхшики, бу режа амалга ошмади. Аммо, кўплаб мактабларда таниш-билишчилик қилиш учун мана шу амалга ошмаган янгилик ҳам қўл келди.

– Жиянимни биринчи синфга жойлаштириш учун синглим ўзи яшайдиган ҳудуддаги мактабга олиб борибди, – дея ҳикоя қилади амалдор дугоналаримдан бири. – Қайта-қайта боришига қарамай, директор «жой йўқ» деб қайтариб юборибди. Мактабдаги котиба синглимни бир четга чақириб: «Опа, каттароқ танишингизни ўртага қўйсангиз, дарров ишингиз битади», деб маслаҳат берибди. Мансабдор шахс эканлигим шу пайт жуда қўл келди. Синглимнинг илтимосига кўра, директор қабулига кирдим. Шу... шунақа ташкилотда раҳбар бўлиб ишлайман, хизмат бўлса тайёрман, деб ўзимни таништирдим. Директор мени илиқ қарши олди ва қўлимдаги ҳужжатларни олиб қолди. Қаранга, оддий фуқаро бир илтимос билан борса жой йўқ, деб баҳона қилишади, шу кичкинагина ишга ҳам мабодо «катта одам» эътибор қаратса, дарров  битади, жой ҳам топилади.

Йўқ бўлса излаймиз, суриштириб топамиз

Яна бир танишим коррупция билан боғлиқ ҳолатга яқинда дуч келгани ҳақида сўзлаб берди.

Унинг водийда яшовчи жияни велосипеддан йиқилиб, ўнг қўлини синдириб олибди. Тумандаги травматолог-шифокор зудлик билан пойтахтга олиб бориб, операция қилдириш зарурлигини айтибди. Танишим жиянини шифохонага олиб борган, текширувдан ўтказгач, шифохонага ётиш учун олдиндан 3 миллион сўм пулни кассага тўлаш зарурлигини айтишибди. Болакайнинг отасида унча пул йўқ. Ноилож қолгач, у таниш-билишларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. Ва «яхши инсонлар»нинг кўмаги билан болакай шифохонада бепул даволаниш учун ордерни қўлга киритган.

Бу катта-катта коррупцияга йўл очиб берувчи майда коррупциянинг бир кўриниши. Таниш-билишчилик, ўртага одам қўйиб иш битириш каби иллатларга деярли барчамиз ўрганиб қолганмиз. Бирор жойга юмуш билан боришдан олдин энг аввало ўша соҳада танишларимиз бормикан, деган саволга жавоб излаб кўрамиз. Йўқ бўлса излаймиз, суриштирамиз, топамиз. Бошқачасига йўл тутишга иложимиз ҳам йўқ. Чунки бусиз ишимиз битмайди.

Нега айнан мактабларда?

Бу ҳолат, айниқса, мактабларда яққол кўзга ташланади. Чунки нафақага чиқишни режалаштираётган директор ўз ўрнига қизи, келини, жуда бўлмаса жиянини тайинлаб кетади. Энди уёғи сиз менга тегманг, мен эса сизга, деган мақол иш беради. Хуллас, бир-бирига қариндош, истараси иссиқ, кўзи-кўзига тушса уяладиган танишлар макон қурган ташкилотдаги аҳволни кўз олдингизга келтириб кўраверинг. Шифохоналарда ҳам худди шундай аҳвол. Айниқса, халқ таълими соҳасида бу борада таниш-билишчилик жуда кучли. Айрим ўқитувчилар ўқувчиларни баҳолаётганда уларнинг билимига эмас, ота-онасининг мансабига қараб муомала қилишади. Ўқувчининг отаси ёки онаси  амалдорми, демак, ўша бола ҳамма фанлардан «5» баҳо олиши шарт. Синфдошига нисбатан бўлаётган бундай муомала атрофдаги ўқувчиларни ҳам таниш-билишчиликка эътибор қаратишга ўргатиши, табиий.

– «Майда» коррупция, асосан, шифохоналар, таълим муассасалари, солиқ идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда содир этилиб, юридик ва жисмоний шахсларга қонунда белгиланган талабларни четлаб ўтишга ёрдам беради, – дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими Адиба Сафарова. – Аста-секин ушбу коррупция тури юқори даражадаги кенг миқёсли коррупциянинг янада хавфли шаклларига айланиб боради. Коррупциянинг ушбу тури мамлакатда коррупциянинг барча даражалари мавжудлигидан далолат беради. «Майда» коррупция қаерда тугаши ва йирик коррупция нимадан бошланиши чегараси ўртасида аниқ тўхтамлар мавжуд эмас. Йирик коррупцияга қаратилган эътибор «майда» коррупцияларга қарши курашни бир мунча пасайтириши мумкин.

Лоқайдлик сабаб бўляпти

Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ботир Даминов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида чоп этилган мақоласида жумладан шундай фикр билдиради:

– Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул идоралар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур, деб ҳисоблайди. Бунинг учун юртдошларимизда коррупцияга, умуман, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти шаклланиши талаб қилинади. Чунки қонунбузарликлар содир этилишига кўпинча одамлардаги лоқайдлик, айниқса, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслик ҳам сабаб бўляпти. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорликни ҳис этган ҳолда ҳамжиҳатликда иш олиб бориши иллатларнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади. Бунга эришиш учун таълимда «тозалаш» бўлиши керак.

Нигора Раҳмонова, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг