«Таҳдид оҳангидаги сўзларни қабул қилмаймиз» – Озарбайжон АҚШга жавоб қайтарди

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожиев АҚШ мулозимларининг аксилозарбайжон руҳидаги баёнотларига жавоб қайтарди.
ТИВ тарқатган хабарга кўра, жорий йил 31 октябрь куни АҚШ Сенатидаги муҳокама пайти Давлат котиби Энтони Блинкен бошқа масалалар қаторида зиддият оқибатида Арманистонда юзага келган гуманитар эҳтиёжлар учун қўшимча маблағ ажратиш ҳақида гапирган. 2 ноябрь куни эса Давлат департаменти ОАВга Арманистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қатъий дастаклашини маълум қилган.
Мазкур баёнотларга жавобан расмий Боку вакили О.Ҳожиев ўн йиллар давомида воситачи бўлганига қарамай, Қўшма Штатлар Озарбайжоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бу қадар қатъий рағбатлантирмагани, шунингдек, бошпанасидан айрилган озарбайжонлик қочқинларга гуманитар кўмак кўрсатишга эътибор қаратмаганини қайд этган.
«Қолаверса, АҚШ халқаро мажбуриятлари, жумладан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 4 резолюциясига мувофиқ, Арманистон қуролли кучларини Озарбайжоннинг ишғол остидаги ҳудудларидан чиқишга даъват этмади, шунингдек, арман айирмачи режимининг тугатилишини талаб қилмади», – дейди Озарбайжон ТИВ матбуот котиби.
Таъкидланишича, Вашингтон Озарбайжон ҳудудида ноқонуний маъмуриятнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, Арманистонни янглиш йўлга бошлади.
«Агар АҚШ Озарбайжон, шунингдек, халқаро тинчлик ва барқарорликка бошқача ёндашганда эди, таҳдидларни куч билан бартараф этишга ҳожат қолмас, масала (қарийб 30 йил ишғол остида бўлган Қорабоғ тақдири назарда тутилмоқда – таҳр.) тинч йўл билан ҳал этилар эди. Айнан АҚШ иштирокидаги воситачилик ҳаракатининг муваффақиятсизлиги, шунингдек, Арманистоннинг ишғол сиёсатидан воз кечмагани Озарбайжонни ўз ерларини ҳарбий йўл билан қайтариб олишга ундади. Шу боис ва бошқа қатор далилларга кўра, ўтмишдаги ихтилофни тинч йўл билан ҳал этиш борасида ҳаракатсизлиги учун АҚШ ҳам жавобгардир», – дейилади баёнотда.
Расмий Боку Ереваннинг сиёсати минтақадаги тинчликка тўсиқ бўлишидан огоҳлантирган.
«Озарбайжон билан таҳдид оҳангида сўзлашиш номақбулдир. Озарбайжонга қарши ҳар қандай ҳаракат ижобий натижа келтирмайди ва бундай ҳаракатларга муносиб жавоб берилади», – дейди ТИВ вакили Ойхон Ҳожиев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter