Сурайё Раҳмонова: «Жабрланувчининг аризаси шарт, акс ҳолда...»
Ижтимоий тармоқларда хоразмлик бир эркакнинг ўзига яқин (ҳамма маънода!) аёлни автоуловда кийимсиз ҳолатда уяли алоқа воситасида тасвирга олгани, бу лавҳа интернетга чиқиб кетгани-ю пировардида унга (эркакка) нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ҳақидаги хабарлар бир неча кундан буён қаттиқ муҳокама қилинмоқда.
Айни ҳолат юзасидан Бош прокуратура тегишли баёнот берган бўлса-да, ҳолатнинг ҳуқуқий жиҳатлари хусусида кенгроқ тасаввур беришга эҳтиёж бордай. Чунки, кўриб-билиб турибмиз: эл оғзига элак тутиб бўлмаяпти.
Алқисса, ушбу ҳолат бўйича оммавий-ахборот воситаларига маълумот беравериб-беравериб чарчамаётган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмоновани яна безовта қилишга тўғри келди.
Адлия кичик маслаҳатчиси, минг энсаси қотмасин, босиқлик билан «Xabar.uz»га қуйидагиларни айтди: «...Аввал маълум қилганимиздек, айни ҳолат бўйича Боғот туман ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, шу йилнинг 23 февралида Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди ва 325-моддаларига асосан жиноят иши қўзғатиш рад қилинган. Нега? Чунки, фуқаро С.С. (аёл киши) эркакка нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, у билан 2017 йилдан буён яқин муносабатда бўлиб келаётганлигини кўрсатиб, туман ИИБ бошлиғи номига текшириш ҳаракатларини тўхтатишни сўраб ариза билан мурожаат қилган. Алоҳида таъкидлайман: бу категориядаги жиноят жабрланувчининг аризасини талаб этади. Жабрланувчи буни хоҳламаётган экан, на чора, бу – унинг ҳуқуқи, мунозарага ўрин йўқ. Масала инсон шахсий ҳаётига доҳил экан, унинг (фуқаронинг) розилигисиз ҳеч ким аралаша олмайди. Бунга қонунан изн йўқ.
Афсуски, жамиятимизда шаъни ва қадр-қимматини оёқ ости қилган инсонлар яқинлари бўлганлиги сабабли, жабр кўрган аёлларнинг ўзи зулмкорни оқлаш тенденцияси ҳали ҳануз ниҳоятда катта».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter