Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Суд Трампнинг яна бир қарорини блоклади

Суд Трампнинг яна бир қарорини блоклади

Трампнинг кўплаб қарорлари устидан судга шикоят киритилган. 

Фото: Reuters

Бостондаги федерал судья АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Ҳарвард университетига нисбатан қўллаган тақиқ қарори ижросини вақтинча тўхтатди.

Аввал хабар берганимиздек, Оқ уй Ҳарвард университети маъмуриятини «зўравонлик ва антисемитизмни рағбатлантириш»да айблаган ва хорижлик талабаларни ўқишга қабул қилишни тақиқлаган эди.

Ҳозирда Ҳарвардда 140 мамлакатдан 7 мингга яқин хорижлик талаба таълим олмоқда.

Федерал судья Эллисон Барроуз Трамп маъмурияти чиқарган тақиқ қарори университетга «тузатиб бўлмас зиён» етказади деган хулосага келган ва тезкор равишда уни блоклаган.

Университет маъмурияти Трамп маъмуриятининг бу қадамини сиёсий талабларни бажармагани сабаб олинган қасос деб атаган.

Трамп маъмурияти ва АҚШдаги энг нуфузли олий таълим масканларидан бири – Ҳарвард университети ўртасидаги зиддият бир неча ойдан буён давом этмоқда.

Жорий йил апрель ойида Трамп маъмурияти университетни 2,2 млрд доллар миқдоридаги федерал грантлардан маҳрум қилганди.

Университет Трамп маъмурияти устидан судга даъво аризаси ҳам киритган. Университет раҳбарияти фикрича, Оқ уйнинг бир неча миллиардлик грантни музлатиши ноқонуний ҳисобланади ва бу ҳаракат билан ҳукумат таълим масканининг академик эркинлигини таҳдид остига қўймоқда.

«Трамп администрацияси илм-фанга, таълимга ва Ҳарвардга хужум қилиб катта хато қиляпти. Жамоатчилик томонидан Ҳарвардни қўллаб-қувватлаш аввалгидан ҳам кўпроқ бўлади. Чунки бу масала нафақат битта университет ҳақида (мамлакатдан аввал ташкил топган ва исталган администрациядан кейин ҳам мавжуд бўладиган), балки сўз ва инсон эркинлиги, мустақил институтлар, ҳаётларни сақлаб қоладиган муҳим изланишлар ва АҚШни дунё миқёсида илм-фан марказига айлантирадиган принципларга қарши ҳужумдир», – деб ёзди Ҳарвард университетидан иқтисод фанлари доктори унвонини олган юртдошимиз Ботир Қобилов.

Гап шундаки, сўнгги бир ярим йил мобайнида АҚШдаги кўплаб университетлар қатори Ҳарвард университетида ҳам Фаластин тарафдорлари томонидан норозилик намойишлари ўтказилди.

Намойишчи талабалар Фаластин давлати тузилишига имкон бериш, Исроилнинг Ғазодаги хунрезлигини тўхтатиш, шунингдек, Вашингтондан яҳудий давлатини бир томонлама қўллаб-қувватлашни бас қилиш каби талабларни илгари сурганлар.

Трамп жорий йил 20 январь куни президентлик лавозимига киришгач, аксилисроил намойишлари ўтказилган университетларга босимни кучайтирди. Оқ уй маъмурияти уларни яҳудийлар ҳуқуқини бузиш ва антисемитизмда айблади.

Давлат департаменти Ғазодаги урушни қораловчи намойишларда қатнашган юзлаб хорижлик талабаларнинг визасини бекор қилмоқда. Айрим фаол талабалар қамоққа олинган.

Оқ уй фаол талабалар миллий хавфсизликка таҳдид уйғотаётганини айтмоқда. Талабаларнинг адвокатлари эса Трамп маъмурияти Конституцияда кафолатланган сўз, фикр ва намойиш эркинлигини поймол этмоқда, деб ҳисоблайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг