Спорт вазирлиги саломатлик фондига 600 миллион сўм ўтказди

Коронавирус пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди ташкил этилганидан хабарингиз бор. Бугунги синовли кунларда юртдошларимиз коронавирус пандемиясидан жабр чеккан аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида саҳоват кўрсатишмоқда.
Хайрли ишдан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар ҳам четда қолаётгани йўқ. Мамлакатимиз спорт жамоатчилиги ҳам халқимиз бошига мусибат тушган шу кунларда улар билан бир тану бир жон эканлигини намойиш этишмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига жами 599 120 115 (беш юз тўқсон тўққиз миллион бир юз йигирма минг бир юз ўн беш) сўм миқдоридаги маблағ хайрия тарзида ўтказиб берилди.
Саҳоватли спортчи ва тренерларимиз ҳам мазкур акцияда фаол иштирок этишмоқда. Бунга Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров ва бошқа кўплаб спорт соҳаси вакилларининг коронавирус пандемиясидан азият чекаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш йўлида кўрсатаётган беғараз ёрдамларини мисол келтириш мумкин.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter