«Сўх воқеалари»да айбланаётганлар тергов жараёнида қийноққа солинганини айтишмоқда
Шу кунларда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида «Сўх воқеалари» бўйича айбланаётган 22 нафар шахснинг «иши» кўриб чиқилмоқда.
Кеча бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчилар Баҳодиржон Шодиев, Ёдгоржон Жўраев, Шохзод Махмадалиев, Зайлобидин Зайлобов ҳамда Шохромбек Олимовнинг кўрсатмалари тингланди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Эътиборлиси, судланувчилар эълон қилинган айбловларга иқрор бўлишмаган, шунингдек, барчаси ўзларига нисбатан тергов пайтида қийноқ қўлланганини билдиришган.
Хусусан, судланувчи Баҳодиржон Шодиев: Чашмадаги жанжалда қатнашмагани, тергов пайтида бошига қоп кийдирилиб, белидан пастки қисмига қаттиқ уришгани натижасида бир ҳафта юра олмай қолгани, (тергов жараёнида) ҳеч ким билан юзлаштирилмаганини таъкидлади.
Судланувчи Ёдгоржон Жўраев эса 31 май куни онасининг қон босими ошиб, касалхонага тушгани, уни кўргани борган пайтда ўша ердаги оммавий тартибсизликларда қатнашгани айтиб, олиб кетишганини баён қилди. Унга кўра, ИИБ ходимлари унинг қариндоши Савриддин Жўраевни уриб жағини синдиришганини ҳам айтди.
Яна бир судланувчи Зайлобидин Зайлобов прокуратура биносида юзига ниқоб таққан шахслар оёғига ургани, калтаклар зарбидан шокка тушиб қолганини билдирди. «...Тергов пайтида 3 нафар кимсанинг исм-фамилиясини ўқиб «Шу кимсаларни танийман деб қўл қўйиб берсанггина уйингга кетасан, йўқса уйингга кетмайсан», дейишди. Мен қандай мазмундаги айбловга қўл қўяётганимни билмаганман. Қўрққанимдан қўл қўйиб берганман», дейди З. Зайлобов.
Судланувчи Шохромбек Олимов 12 сентябрь куни туман ИИБга чақиртирилгани, у ерда «31 май куни қаерда эдинг?» деб юзимга уришгани, ўша пайтда уни ураётган шахснинг шериги «Кўкарадиган жойига урма», деганини баён қилган. «...Бу орада «Вилоят ҳокимига тош отгансан», деб яна уришди. Икки киши навбат билан калтаклашди. Айблов варақасини кўрсатишиб, шуни кўчириб берсанг, уйга кетасан дейишди. Калтак зарбидан шокка тушиб қолгандим. «Қўл қўймасанг, подвалга тушасан», деб қўрқитишди», дейди Ш Олимов.
Суд мажлиси 18 декабрь куни давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter