Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўнгги икки йилда 400 нафар ёшлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижга ўқишга юборилди

Сўнгги икки йилда 400 нафар ёшлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижга ўқишга юборилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, сўнгги икки йилда 400 нафар ёшларимиз «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали чет эллардаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқишга юборилди.

«Мисол учун, тошкентлик Ламия Худоярова Оксфорд университетига, бухоролик Расулбек Баҳодиров Лондон университетига, самарқандлик Нилуфархон Рўзиева Чикаго университетига ўқишга қабул қилинди.

Бундай йигит-қизлар ҳар бир вилоятимизда кўплаб топилади.

Иқтидорли ёшларимиз сўнгги бир йил ичида халқаро фан олимпиадаларида 255 та медални қўлга киритди.

Шу билан бирга, жорий йилда 382 нафар спортчи ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда 419 та совринли ўринларни эгаллади.

Жумладан, Нодирбек Абдусатторов ва Умида Омонова – тезкор шахмат бўйича, Зуҳриддин Қодиров қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони бўлгани, 23 ёшгача футболчиларимиз Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритгани, шубҳасиз, бутун халқимизга ғурур бағишлади.

Мен ана шундай илмли, иродали ва қобилиятли фарзандларимиз борлигидан фахрланаман. Уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига алоҳида раҳматлар айтаман», — деди Президент.

«Бу ўғил-қизларимиз халқимизнинг олтин фонди, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари, десам, ҳеч муболаға бўлмайди.

Янги Ўзбекистоннинг келажаги ҳисобланган бундай фидойи, билимли, зукко ва ватанпарвар ўғил-қизларимиз барчага намуна бўлиши керак.

Азиз фарзандларим!

Ҳар сафар сизлар билан учрашувга тайёргарлик кўраётганимда, мени бир савол чуқур ўйлантиради.

Эртанги кунимиз эгалари ҳисобланган ёшларимизнинг янада баркамол бўлишлари учун яна қандай шарт-шароит ва имкониятларни яратиб беришимиз лозим?

Бугунги форумга ҳам Ўзбекистон ёшларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар билан келдим.

Энг аввало, ёшларимизнинг замонавий касб ва билимларни эгаллаш имкониятларини кенгайтирамиз.

Хабарингиз бор, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларимизнинг масалаларини ҳал этиш мақсадида жорий қилинган «Ёшлар дафтари» тизими амалда ижобий натижалар бермоқда.

Лекин, шуни ҳам унутмаслик лозимки, ёшларнинг дунёқараши, уларнинг муайян бир касбга бўлган қизиқиши 14 ёшидан, яъни мактаб давриданоқ шаклланади».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг