Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши керак – Конституциявий қонун лойиҳаси

Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши керак – Конституциявий қонун лойиҳаси

Айни кунларда муҳокама қилинаётган Конституциявий қонун лойиҳасида барча соҳаларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланишига эришиш масаласи устувор қўйилмоқда. Шу нуқтаи назардан, унда солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак».

Маълумки, ҳар қандай давлатнинг асоси — унинг иқтисодий қудрати, оддий тилда айтганда, давлат бюджети ҳисобланади. Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади. Солиқлардан тушган пуллар эса мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга сарфланади. Шу сабабли ҳар бир фуқаро қонун билан белгилаб қўйилган солиқларни тўлаши шарт. Бу давлат равнақига, халқ фаровонлигига қўшган ҳисса деганидир.

Шу билан бирга, давлат ҳам фуқаролар учун ортиқча ва оғир бўлган солиқлар ёки бошқа йиғимларни жорий этмаслик бўйича кафолат бериши, бу кафолат эса қонун билан мустаҳкамланиши керак бўлади.

Янги Конституцияга Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши шарт дея белгиланаётгани ҳам шундан. Бу нима дегани? Бу — давлат солиқ ва йиғимлар жорий этаётганда аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етишини албатта инобатга олади. Ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилади. Солиқ сиёсати эса йилдан йилга соддалаштирилади, одамлар учун манфаатли бўлиши таъминланади.

Охирги йилларда тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари сони қисқартирилди, аҳолига, бизнесга солиқ имтиёзлари қўлланилди, айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори туширилди. Айрим йиғимлар 5 бараваргача (масалан, автомобил ойналарини тусини ўзгартирганлик учун тўловлар) камайтирилди.

Конституцияга киритилаётган ўзгариш эса ана шундай ижобий ўзгаришлар изчил ва тизимли давом эттирилиши учун ҳуқуқий асос бўлади.

Солиқлар ва йиғимлар ортиқча юк бўлмаслигига эришилади. Ўз навбатида фуқаролар ҳам солиқларни Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун қўшиладиган ҳисса, дахлдорлик ҳисси дея қабул қилишга эришиш лозим.

Бир сўз билан айтганда Конституцияга «адолатли солиқлар» атамасининг киритилиши келгусида аҳоли учун, албатта манфаатли бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг