Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ ҳоким Тўра Боболовга ўз вақтида нега тегишли жазо берилмаган? – Адлия изоҳ берди

Собиқ ҳоким Тўра Боболовга ўз вақтида нега тегишли жазо берилмаган? – Адлия изоҳ берди

Адлия Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими Тўра Боболовга ўз вақтида нега тегишли жазо берилмаганига изоҳ берди.

Вазирликка кўра, бунга Ўзбекистон қонунчилигида ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида қонун чиқарувчи, маҳаллий вакиллик ва ижро органларида бир нечта лавозимларни эгаллаши ҳуқуқи бўлгани сабаб бўлган.

Яъни, улар ҳокимлик лавозимидан ташқари, Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Кенгаши депутати ҳам ҳисобланади.

«Мазкур ҳолатлар ҳокимга дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини беради», – дейилади Адлия изоҳида.

Таъкидланишича, шунингдек «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, Сенат аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Сенатнинг розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса, Сенат Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига асосан эса тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Вазирликнинг таъкидлашича, ҳокимнинг 2 турдаги дахлсизликлар билан ҳимояланганлиги ва дахлсизликни олиб ташлаш учун бир қатор мураккаб жараёнлардан ўтишнинг талаб этилиши унинг фаолиятида содир этадиган ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарликка тортилмаслигига олиб келмоқда.

«Мисол учун, – деб ёзади вазирлик, – ОАВларда Сурхондарё вилоят ҳокими Ангор туман прокурори томонидан олиб борилаётган тергов ишига арашганлик ҳамда прокурорни ҳақорат қилганлик ҳолати бўйича ҳокимга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмади. Амалда унга нисбатан фақат интизомий жазо чораси қўлланилиши билан чекланилди».

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти собиқ ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурори билан бўлиб ўтган мулоқоти, дея айтилаётган аудиосуҳбат тарқалган ва ҳолат давлат раҳбари иштирокидаги видеоселектор йиғилишида ҳам эслаб ўтилиб, Боболовга «прокурор билан гаплашишдан олдин мактаб қурилишини жойига қўйиб қўйиш керак»лиги уқтирилган эди. 

Жорий йил 26 декабр куни эса Тўра Боболов вилоят ҳокими вазифасидан олиб ташланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг