Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ бош вазир тансоқчиси кечирилмас хатога йўл қўйди

Собиқ бош вазир тансоқчиси кечирилмас хатога йўл қўйди

Дэвид Кэмерон.

Фото: «infosmi.net»

Буюк Британия собиқ бош вазири Дэвид Кэмероннинг тансоқчиси жиддий хатога йўл қўйгани боис вақтинча ишдан четлатилди. Воқеа машҳур сиёсатчи Нью-Йоркдан Лондонга қайтаётганда, самолётда рўй берди.

Собиқ бош вазирга бириктирилган муҳофиз самолёт ҳожатхонасида ўқланган тўппонча, ўзи ҳамда хўжайинининг паспортини унутиб қолдирган. Йўловчилардан бири қурол ва ҳужжатларни кўриб қолиб, самолёт командирига топширган. 

Самолётда совуқ қурол топилгани, табиийки, йўловчиларда хавотиру ҳадик уйғотган. Ҳаво кемаси командири эса йўловчиларни тинчлантиришга мажбур бўлган. 

Ушбу ҳолат юзасидан British Airways авиакомпанияси ҳам тушунтириш беришига тўғри келди. Компания вакилига кўра, фуқаро авиаташувлари қоидалари инглиз полицияси офицерларининг самолёт бортига қурол билан чиқишига изн беради.

Британия қонунчилигига мувофиқ, қироллик оиласи вакиллари ҳамда юқори лавозимдаги сиёсатдонларга тансоқчи ва полиция қўриқчилари бириктирилади. Тансоқчилар аксар жамоат жойларида, жумладан, учоқда ҳам қурол билан юришга ҳақли. Аммо уларнинг ўз қуролини халойиққа кўз-кўз қилиши касб этикасининг бузилиши саналади. Силоҳни унутиб қолдириш эса жиддий оқибатларга олиб келадиган хато дея малакаланади.

Дэвид Кэмероннинг ишончни оқламаган тансоқчисига нисбатан хизмат текшируви тайинланган. Матбуот хабарига кўра, муҳофизнинг ушбу қилмиши кечирилмаслиги ва паттаси қўлига тутқазилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Дэвид Кэмерон 2005-2016 йилларда Буюк Британия консерваторлар партиясига раҳбарлик қилган. 2010-2016 йилларда қироллик ҳукуматини бошқарган ва Евроиттифоқдан чиқишга доир референдум ортидан истеъфо беришга мажбур бўлган.

Юқори мартабали амалдорларнинг тансоқчилари билан боғлиқ шов-шувли ҳодисалар онда-сонда бўлса-да рўй бериб туради. Масалан, 2012 йилда АҚШ президенти Барак Обаманинг Колумбияга сафари арафаси муҳофизлар билан боғлиқ ана шундай можаролардан бири юз берган эди. Президент хавфсизлиги хизмати вакиллари амалдаги тартибга кўра Барак Обамадан аввалроқ Колумбияга бориб, керакли чораларни кўриши лозим эди. Аммо муҳофизлар мавжуд қоидаларни қўпол равишда бузиб, кайфу сафо қилгани исловотхонага боради ва у ерда юз берган келишмовчилик сабаб маҳаллий полиция томонидан қўлга олинади. Номуносиб хулқ-атвордаги муҳофизлар зудлик билан хизматдан четлатилади. Ушбу воқеа ортидан АҚШ президенти хавфсизлигини таъминловчи муҳофизларга хорижий сафарларда спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва «шубҳали жойлар»га бориш буткул тақиқланди.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг