Сиз қандай раҳбарсиз?
Бугун Georgetown университети ва McDonough бизнес мактаби профессори, тадқиқотчи Кистина Поратнинг TED конференциясида ҳамкасблар билан соғлом муносабат ўрнатиш, иш унумини оширишда раҳбарлардан талаб қилинадиган айрим омиллар ҳақидаги нутқини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Тўғри, бу оддий савол. Аммо сиз ушбу саволга ҳар куни онгли равишда ёки ўз хатти-ҳаракатларингиз орқали жавоб берасиз. Шу биргина савол сизнинг одамлар билан қандай муносабатда бўлишингиздан тортиб, карьерангиздаги муваффақиятингизни ҳам аниқлаб беради.
Жумладан, сиз ҳамкасбларингизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш орқали улар ўзларини янада қадрли ҳис қилишларига имкон бериб, кўкларга кўтарасиз ёки ҳақоратли сўзлар билан обрўсини туширасиз. Умуман олганда, қандай бўлиш ўз қўлингизда.
Мен шафқатсизликнинг одамларга таъсирини ўрганиб чиқдим. Хўш, шафқатсизлик ўзи нима? Бу ҳурматсизликми ёки қўполлик?
Ушбу консепция хатти-ҳаракатларнинг кўплаб турларини ўз ичига олади. Жумладан, кимнидир мазах қилиш ва камситишдан тортиб, ҳақоратли ҳазиллар қилишгача.
Кимдир буни ҳурматсизлик деб ҳисобласа, бошқалар буни ҳатто сезмаслиги ҳам мумкин.
Мисол учун, ишхонада мажлис бўлаётган бир вақтда, бошқа биров билан хабарлашиб ўтиришингиз баъзилар томонидан ҳурматсизлик сифатида қабул қилиниши мумкин, аммо бошқалар бу ҳолатга у қадар жиддий қарашмайди. Яъни, бу борада ягона нуқтаи назар йўқ.
Аммо биз мана шу хатти-ҳаракатларимиз билан кимнингдир беихтиёр қадрсизлик туйғусини бошдан кечиришига сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин.
Бу қандай оқибатларга олиб келишини биласизми?
Тахминан 22 йил олдин касалхонанинг диққинафас хонасига кирганимни жуда яхши эслайман.
Ҳамиша кучли кўринган, забардаст отамни кўкрагига электродлар уланган ҳолда ётганини кўриб, юрагим ёрилиб кетди. Ишдаги стресс уни мана шу ҳолга солганди.
Бу эса қарийб ўн йил мобайнида қўпол ва қаттиққўл раҳбарга чидаб ишлаб келганининг натижаси эди...
Ўшанда мен бунга у қадар ишонқирамагандим, аммо орадан бир-икки йил ўтиб, коллежни битирганимдан кейинги биринчи ишимдаёқ ўзим ҳам кўплаб қўпол муносабатларга дуч келдим ва отамни тушуна бошладим.
Мен бир йил мобайнида деярли ҳар куни ҳамкасбларимдан: «Бу қандай аҳмоқгарчилик? Биз бошқача йўл тутишимиз керак», қабилидиги эътирозларимга: «Агар сизнинг фикрингиз эшитмоқчи бўлганимда ўзим сўраган бўлардим» деган жавобни олдим.
Табиийки, мен у ерда узоқ вақт ишлай олмадим ва бундай муносабатларнинг инсон руҳиятига таъсирини ўрганиш мақсадида ўқишни яна давом эттирдим.
Олийгоҳда мен Кристин Пирсон билан танишдим. У иш жараёнидаги бундай совуқ муносабатлар бора-бора ақл бовар қилмайдиган зўравонликларга ҳам олиб келиши мумкин, деган фикрда эди.
Биз раҳбарларнинг ходимларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиши иш унумдорлигига нақадар салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида турли тадқиқотлар ўтказа бошладик.
Натижалар эса жуда ажойиб эди. Биз энг кучли ташкилотларнинг ходимларига сўровномалар юбордик ва улардан ҳаётлари давомида дуч келган ҳурматсизлик ва қўпол муносабатлар ҳамда шундай ҳолатларга нисбатан қандай фикрда эканликлари ҳақида сўрадик.
Тадқиқотлар натижасида «боғча тарбиячисининг иши», дея ҳақоратомуз гапларни айтадиган, барча ходимларнинг кўз ўнгида ҳисоботни йиртиб ташлайдиган раҳбарлар ҳақида эшитдик.
Ва натижада бундай қўполлик ходимларнинг ишга бўлган мотивациясини пасайтирганини ҳам аниқладик. Чунки сўровномада иштирок этган 66 фоиз ходимнинг иш сифати сезиларли даражада пасайган бўлса, 12 фоизи аллақачон ўз ишларини тарк этган эдилар.
Умуман олганда, якуний натижаларга кўра, нотўғри бошқарув оқибатида корхоналар йилига 12 миллион доллар зарар кўраётганини аниқладик.
Аммо илмий соҳадаги ҳамкасбларимизнинг одамларга буни қандай исботлайсиз, деган гапларидан сўнг меҳнат фаолиятида шафқатсизликни бошдан кечирган ва ходимларига ҳамиша яхши муносабатда бўлган раҳбарлар қўл остида ишлаган кишилар ўртасида билимлар синови ўтказишга қарор қилдик.
Синов натижалари эса биринчиси гуруҳдаги ходимларнинг ўз вазифаларини анчайин ёмон бажарганликларини кўрсатарди.
Аммо бундай ҳодиса сиз билан ҳеч қачон содир бўлмаган бўлса-чи? Сиз фақат шунга ўхшаш ҳолатни кўрган ёки эшитган бўлсангиз бу сизга қандай таъсир кўрсатади? Шу боис биз беш нафар иштирокчилар ўртасида эксперемент ўтказдик ва улар раҳбарнинг ишга кечикиб келганларга нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишини кузата бошлашди.
Ва тадқиқот давомида кузатувчилардан бирининг бошқа бир гуруҳ аъзосини ҳақорат қилганига, қолганларнинг эса диққатни жамлаши ва иш унумдорлиги сезиларли даражада пасайганига гувоҳ бўлдик.
Ҳа, қўполлик – бу вирус, юқумли вирус! Биз эса беихтиёр унинг ташувчисига айланамиз. Чунки биз уни нафақат ишда, балки уйда, ўқишда, дўконларда, ижтимоий тармоқларда ва умуман олганда, исталган жойда юқтириб олишимиз мумкин.
У эса бизнинг ҳис-туйғуларимизга, ҳаётдаги мотивациямизга, иш унумдорлигимизга ва бошқалар билан қандай муносабатда бўлишимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Энг ачинарлиси, бу нафақат бизга ёмон муносабатда бўлишганида, балки атрофдагиларда худди шундай хатти-ҳаракатни кузатганимизда ҳам юз беради.
Ҳаттоки қўполлик билан боғлиқ бўлган сўзни шунчаки кўрсак ёки ўқисак ҳам содир бўлади. Энг ачинарлиси, сизнинг қўпол муносабатингиз бир инсоннинг ҳаётини остин-устун қилиб юбориши мумкин.
Исроилда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бош шифокор томонидан қўпол муомалага дуч келган тиббиёт ходимлари нафақат ташхис қўйиш пайтида, балки муолажалар пайтида ҳам жиддий хатога йўл қўяди ва натижада бемор ҳалок бўлади.
Аксарият раҳбарлар қўл остидаги ходимлар билан хушмуомала ёки дўстона муносабатда бўлишмаслигининг сабаби улар гўёки жамоада етакчилик мақомини йўқотиб қўйишдан қўрқишади.
Аммо бошқарувчиликдаги муваффақиятсизликнинг биринчи сабаби ҳам айнан ходимларга нисбатан ҳурматсизлик, қўпол ёки тажовузкор хатти-ҳаракатлар эканлигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Бироқ шунга қарамай, муваффақиятга эришадиганлар ҳар доим топилади.
Лекин эртами-кечми, бундай раҳбарлар заифлашиб қолса ёки бирор нарсага муҳтож бўлса, уларнинг қўполлиги ўзларига қайтиб келади, яъни, қийин вазиятларда кимдандир ёрдам кутмасалар ҳам бўлаверади.
Хўш, у ҳолда хушмуомалалик мукофотланадими?
Албатта, мукофотланади! Сизнинг атрофингиздагиларга нисбатан хушмуомала бўлишингиз шунчаки қўпол эмаслигингизни англатмайди. Бу инсоний фазилат ҳамиша одамлар томонидан алоҳида эътироф этилади.
Қисқа қилиб айтганда, ҳурмат қилган киши, ҳурмат топади! Токи сиздан қўрққанларидан эмас, азбаройи яхши кўрганларидан ҳам ҳурмат қилишсин!
Ҳақиқатан ҳам хушмуомалалик – табассум қилиш, йўлакда саломлашиш ва кимдир сизга гапирганда диққат билан тинглаш каби оддий инсоний фазилатларни ўз ичига олади. Жумладан, биотехнологик компанияда мен ва ҳамкасбларим хушфеъл кишиларнинг раҳбар бўлиш эҳтимоли икки баробар кўп эканлигини аниқладик.
Бу сизга ҳам тегишли. Агар сиз одамларга қанчалик яхши муносабатда бўлсангиз, атрофдагиларнинг сизни малакали етакчи сифатида кўришлари ҳам осонроқ бўлади, қолаверса, дўстона жамоангиз аъзоларининг янада яхшироқ ишлаш эҳтимоли ҳам юқори.
Биласизми, ходимлар ўз раҳбарларидан кўпроқ нимани кутишади?
Биз бутун дунё бўйлаб 20 000 га яқин ишчилар орасида сўровнома ўтказдик, жавоб эса жуда оддий: Ҳурмат!
Чунки инсоният учун эътироф, миннатдорлик ва ҳатто кўпроқ малака ошириш имкониятларига эга бўлишдан кўра ҳурматни ҳис қилиш муҳимроқ.
Буни қарангки, раҳбарият томонидан ҳурмат кўрган ходимлар бошқаларга қараганда соғломроқ, эътиборлироқ, ишчанроқ бўлиш баробарида иш жойини тарк этиш ҳақида ҳатто ўйлашмас экан. Балки сизда қандай қилиб ходимлар билан соғлом муносабат ўрнатиш мумкин, деган савол туғилгандир?
Бунинг учун катта ўзгаришлар қилиш керак эмас. Оддий, кичик нарсалар ҳам қўл остингиздагилар билан муносабатингизга катта таъсир кўрсатиши мумкин.
Ochsner Health System компаниясининг собиқ раҳбари Патрик Куинлан «10-5» техникасининг самарадорлиги ҳақида шундай дейди: одамлардан ўн қадам узоқда турганингиз ҳам сиз уларнинг кўзларига ишонч билан қаранг ва табассум қилинг, ана шунда орангиздаги масофа беш қадам яқинлашганини сезасиз! Бу эса соғлом муносабатлар ўрнатилаётганлигидан далолат беради. Жумладан, шифокорларнинг хушмуомалалик даражаси ортгани сайин, беморларнинг соғайиш эҳтимоли ҳам кўпаяди. Бу эса шифохонага янги беморлар оқимининг ортишига олиб келади.
Шунингдек, қўл остидагиларга компания учун нақадар муҳим шахс эканлигини ҳис қилишларига кўмаклашиш ҳам яхши самара беради.
Жуда машҳур компаниянинг одил бир раҳбари ўз ходимларига ғамхўрлик қилиш ва уларни қанчалик қадрлашини исботлаш учун шахсан ўзи уларга 30 000 га яқин миннатдорлик хатларини ёзади ва бу хатти-ҳаракатлари билан кўплаб раҳбарларга ўрнак бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, хушмуомалалик одамларни илҳомлантиради. Қўполлик эса уларнинг қанотларини қайириб, бор истеъдодларини ҳам йўққа чиқаради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, тадқиқотларимдан шуни англадимки, агар бизга ишда қўллаб-қувватловчи, самимий муҳит яратиб берилса, биз янада самарали меҳнат қиламиз!
Шундай экан, ҳар сафар уйда, кўчада, ишда, ўқишда ва ҳаттоки ижтимоий тармоқларда ҳам одамлар билан мулоқотга киришар экансиз, ўзингизга савол беринг: «Мен ким бўлишни хоҳлайман?»
Келинг, барчамиз биргаликда қўполлик вирусига чек қўйиб, маданият тарқатишни бошлайлик. Ишончим комилки, бу албатта ўз самарасини беради.
Эъзоза Турғунова таржимаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter