Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сиёсатда тасодифлар бўлмайди» – ўзбекистонлик таҳлилчилар Эрон президентининг ўлими ҳақида

«Сиёсатда тасодифлар бўлмайди» – ўзбекистонлик таҳлилчилар Эрон президентининг ўлими ҳақида

Фото: The New York Times

Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг кутилмаган ўлими теграсида баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Ўзбекистонлик таҳлилчилар ҳам бу борада ўз нуқтаи назарини билдирмоқда.

Шарқшунос Суҳроб Бўроновнинг фикрича, «сиёсатда тасодифлар ҳам тасодифан бўлмайди».

«Шарқий Туркистон Республикасининг 2-президенти, ўз вақтида «советлар одами» дея таърифланган Аҳмаджон Қосимийнинг самолёт ҳалокатида ҳам иккита гумон бор эди: 1) расмий – об-ҳавонинг ноқулай бўлгани; 2) норасмий – советларнинг махсус хизмати ишнинг ортида тургани.

Иброҳим Раисийнинг вертолёт ҳалокати ҳам шунга ўхшаш ҳолатни эслатиб юборди. Фикри ожизимизча, балки бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлгандир:

  1. Иброҳим Раисийнинг «ҳалокати» Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашгандан сўнг содир бўлди. Маълумки, сўнгги пайтларда Эрон ва Озарбайжон муносабатлари жуда таранглашган эди. Қисқароқ қилиб айтганда, Раисий ва Алиевнинг учрашуви Исроилга ва ҳаттоки Эроннинг «чуқур давлати»га ҳам хуш келмас эди.
  2. Иброҳим Раисий, Эрон ташқи ишлар вазири Абдуллаҳиён ҳамда Эрон президенти хавфсизлик хизмати раҳбари Мусавийнинг вертолётда мавжудлигини тасдиқлайдиган бир нечта видеоларнинг айрим Эрон ОАВ орқали тарқатилиши катта эҳтимол билан ички ва ташқи жамоатчиликни бунга ишонтиришга қаратилган эди.
  3. Вертолётнинг ёниб кетиши ва жасадларни тасдиқлашнинг имкони бўлмаслиги ҳақидаги эҳтимоллар ҳам турли гумонларни вужудга келтиради», – деб ёзади С.Бўронов.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов авиаҳалокат қасддан уюштирилгани ҳақидаги тахминларни асоссиз деб ҳисоблайди.

«Эрон президентининг ўлими Эрон давлат сиёсати ўзгаришига олиб келмайди. Давлатни олий раҳбар – Имом Хоминаий бошқаради. Шу сабаб, Эрон президентининг ўлими, жуда катта эҳтимол билан, бахтсиз ҳодиса бўлиши керак. Сиёсат – жуда мураккаб соҳа. Бундай ҳодисалар уюштирилган бўлиши эҳтимолини тўлиқ истисно қилиб бўлмайди. Ва агарки кимдир бундай ишга қўл урган бўлса, улар ўз изларини жуда чуқур яширишга ҳаракат қилади. Лекин, юқорида айтилганидек, Эрон президентининг ўлими ички сиёсатда ҳам, ташқи муносабатларда ҳам бирор муаммога ечим бермайди, аксинча, ноаниқликларни оширади»,дейди К.Раббимов.

Таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров марҳум Раисий мамлакат олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг эҳтимолий вориси деб кўрилганига эътибор қаратган.

«Ушбу ҳалокат тасодифми ёки уюштирилганими – ҳозир айтиш қийин. Озарбайжон билан учрашувдан Эрон делегацияси учта вертолётда қайтган ва улардан фақат президент ўтирган учоқ ҳалокатга учраган. Энергетика ҳамда Йўллар ва шаҳар тараққиёти вазирлари бўлган икки вертолёт манзилга соғ-омон келган...Унинг ўлими мамлакатдаги ички ҳокимият курашлари билан боғлиқ (ҳарҳолда оятуллоҳ ўрнига даъвогарлар анча-мунча, қолаверса олий етакчининг позициясини кучсизлантирмоқчилар ҳам кўп) бўлиши мумкин. Эрон президентларига бир неча бор суиқасд амалга оширилган (масалан 2005 ва 2010 йилларда). Ҳар қандай ҳолатда ҳам Раисийнинг ўлими Эрон сиёсий ҳаётига жиддий таъсир ўтказмайди. Бу ерда сиёсий йўналишни олий диний пешво – оятуллоҳ чизиб беради», – деб ёзади М.Собиров.

«Шарқшунос таҳлилчилар» интеллектуал клубига кўра, Раисийнинг ўлими мамлакат олий диний етакчилигига бошқа бир номзод – Али Хоманаийнинг ўғли Мужтабо Хоманаий фойдасига хизмат қилмоқда.

«Агар ҳозирда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Али Багерий Хоманаий куёвининг укаси эканини ёдга олсак, воқеалар ривожи қизиқарли тус ола бошлайди. Чунки ушбу ҳолатда Хоманаий оиласининг мустаҳкамланишини кузатиш мумкин.

Ўтган йили Эрон олий раҳнамолиги учун потенциал учта номзод бор эди: Мужтабо, Раисий ва Али Шамханий. «Соя флоти адмирали» Али Шамханий биринчи марта Миллий хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан четлаштирилди ва бу йил унинг жияни ҳам йирик пора эвазига қамалди. 3 миллиард доллар эквивалент учун уни осонгина осиб қўйиш мумкин эди. Яъни, жияни Шамханийнинг собиқ сафдоши Алиризо Акбарийнинг тақдирига дучор бўлиши мумкин. Маълум бўлишича, энди ҳокимиятда ниҳоятда нуфузли ва бадавлат Шамханийга таъсир қилиш учун Мужтабонинг қулай дастаги бор...

Ҳозирда Хоманаийнинг ўғли учун сиёсий майдон тозаланган. Шамханий ҳам, Раисий ҳам йўқ. Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажоднинг биринчи олий раҳнамо Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг набираси Ҳасан билан февраль ойида пайдо бўлган суратларини инобатга олсак, саволлар янада камаяди...

Ушбу вазиятда, албатта, президентлик сайловини кутиш керак, ундан кейин нима бўлади, бу барчамизга қоронғи. Лекин ҳокимиятга бироз либерал қарашдаги, Шарқдан кўра Ғарбга кўпроқ мойил бўлган шахс келса, ҳайрон бўлмаймиз», – дея хулоса ясайди «Шарқшунос таҳлилчилар» интеллектуал клуби.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг