Сирдарёда бир кун: Корхона ичидаги кичик шаҳарча (фото)
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан Сирдарё вилоятига медиатур ташкил этилди. Унга 40дан ортиқ оммавий ахборот воситалари ходимлари этилди.
Медиатур доирасида журналистларнинг илк манзили Сирдарё туманидаги «Сирдарё Универсал Ойна» МЧЖ бўлди. 2018 йил 1 июнда фаолиятини бошлаган ушбу корхонада фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқарилади. Гуриллаб ёниб турган олов тафтида турфа хил шаклда шиша идиш тайёрлаш техникасини ўзлаштирган, асосан ёшлар меҳнат қилаётган корхона қисқа муддатда вилоятдаги йирик экспортёрлардан бирига айланди. Ишлаб чиқаришда юз фоиз ўзимизнинг хом ашёдан фойдаланилмоқда.
60дан зиёд маҳсулот турлари ишлаб чиқариладиган «Пенг-шенг» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси вилоятда ишлаб чиқариш ҳажми катталиги билан алоҳида ўринган эга. Корхона ҳудудида сўлим боғ, ўзбек ва хитой болалари аҳил-иноқликда тарбияланаётган 30 ўринли мактабгача таълим муассасаси бор.
Ушбу масканда таълим-тарбия жараёнлари ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида олиб борилади.
Кафел ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех, иссиқхоналар ташкил этилган.
Корхонага тегишли пахта далаларидаги бир туп ғўзада 50-55 дона ҳосил нишоналари бор. Деҳқонларнинг ҳали нишоналар сони яна 14-15 донага ортишига ишончи комил. Томчилатиб суғоришда республикамиз бўйича энг яхши тажрибага эга деҳқонлар ҳосил чўғи баракали эканлигидан хурсанд.
Пештоқига «Пенг-шенг» кўргазма савдо уйи деб ёзилган бинода қўшма корхонада ишлаб чиқиладиган деярли барча маҳсулот турларида намуналар намойиш этилган. Савдо маркази, банк сингари бир қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат ушбу кенг ва баҳаво манзилни кичик шаҳарча десак, тўғри бўлади.
Мирзаобод тумани марказида ташкил этилган Рақамли технологиялар ўқув маркази ҳар доим замонавий компьютер технологиялари борасида билимларини бойитаман деган ёш ўғил-қизлар, ўсмирлар, аёллар, турли соҳа вакиллари билан гавжум. Гулчеҳра Умрзоқова ҳам шундай изланувчан муаллимлардан бири экан. У биз билан суҳбатда 20 йилдан буён тумандаги 22-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига дарс беришини, ўқув марказига ҳам бир гуруҳ ўқувчилари билан келиб, компьютер сабоқларини ўрганаётганлигини айтди.
«Сайхун планет» ёшлар ва савдо марказида яратилган шарт-шароитлар пойтахтимиздаги кўнгилочар мажмуалардан асло қолишмайди. Салқин ва шинам бино, замонавий аттракционлар болаларга завқ бағишлаяпти. Ушбу мажмуа «Ташаббус-2019» кўрик-танловининг вилоят ғолиби, республика босқичида «Энг яхши тадбиркор» номинанти Хуршид Шарипов томонидан банкдан олинган 21,3 млрд. сўм кредит ҳамда тадбиркорнинг 14,5 млрд. сўм шахсий маблағи ҳисобига бунёд этилган. 28 та янги ишчи ўрнига эга мажмуа дам олиш кунларисиз эл хизматида.
Вилоят ҳокимлигининг шундоқ ёнгинасида бунёд этилган «Қабуллар уйи». Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев медиатур иштирокчилари билан ушбу «Қабуллар уйи»да учрашди.
«Ховос сити» Ховос туманидаги 42 гектарлик ерда бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилаётган манзил. Ушбу лойиҳага асосан маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, Давлат хизматлари агетлиги, тижорат банклари, турар-жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, Хотира майдони, кутубхона, китоб дўкони, кинотеатр, деҳқон бозори, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши режалаштирилган.
Шунингдек, вилоятда ташкил этиладаиган 32 та тикувчилик ва тўқимачилик корхоналарининг иккитаси айнан шу шаҳарча ҳудудида йўлга қўйилади. Айни кунларда янги марказда 30 та кўпқаватли уйлар қуриляпти. Шундан 20таси Ховосда илк бор қад ростлаётган 5 қаватли уйларни ташкил этади. Уларда икки ва уч хонали 760 та хонадон бўлиб, шундан 600 таси арзон уйлардир.
Бугунгача эски Ховос шаҳарчасида 78 та кўпқаватли уйлар таъмирланиб, чор атрофда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 100та объектнинг архитектуравий қиёфасини ўзгартириш, янгилаш ишлари бошлаб юборилган. 46 километрли туман марказий кўчалари, янги қурилаётган кўпқаватли уйларга кириш ва ички йўлаклар ва ички йўлларни таъмирлаш, асфальтлаш ишлари давом этмоқда.
Сув қувурлари тортиш, трасформаторлар ўрнатиш, кўчаларга замонавий ёритгич чироқлар ўрнатиш ишлари ҳам ўз навбати билан амалга ошириляпти. Ховосликлар ҳадемай обод, барча қулайликлар яратилган замонавий шаҳарчага эга бўладилар.
Тадбир доирасида журналистлар нигоҳидаги сўнгги манзил Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби бўлди. 150 ўринга мўлжалланган ушбу мактабга қабул жараёнлари бошлаб юборилган. Республикамизда ягона ижод мактаби сифатида бунёд этилаётган ушбу мажмуа ёшларимизнинг адабиёт борасида билимларини ошириш, илм уфқи кенг ёшлар сифатида улғайишига хизмат қилади.
Медиатур иштирокчилари Сирдарё мисолида юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг бир намунаси гувоҳи бўлишди. Янгиланиб яшариб, кундан-кун чирой очиб бораётган юртимизнинг узоқ манзиллари, шаҳру қишлоқлари, юртдошларимизнинг ҳаёт тарзи билан танишди, мулоқотда бўлди. Бу қайноқ лавҳалар ва таасуротлар, албаттта, ўз навбати билан кўзимиздан сўзимизга кўчади.
Гулноза Турғунбоева, «Xabar» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter