Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокорнинг сўзларидан қўрқиб, жон берган актёр

Шифокорнинг сўзларидан қўрқиб, жон берган актёр

Уни яхши танийсиз: «Қароқчи чоллар», «Автомобилдан сақланинг», «Эгри-бугри омад», «Ғалати одамлар» каби жуда кўплаб фильмларда ўйнаган.

Ўзбек томошабинига «Қароқчи чоллар» киномедиясидаги музейни ўмарувчи пенсионер роли кўпроқ ёққан. Никулин-Евстигнеев жуфтлиги олқишлар, мақтов ва эътирофларга сабаб бўлган. Евгений Евстигнеев иштирокидаги бошқа киноасарлар ҳам машҳур: «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси», «Ҳеч қачон», «Бир йилнинг тўққиз куни», «Опа», «Хуш келибсиз ёхуд бегоналарнинг кириши ман этилади», «Олтин бузоқ», «Италияликларнинг Россиядаги ғаройиб саргузаштлари», «Учрашув жойини ўзгартириш мумкин эмас», «Итюрак»...

 Мутлақ ёвузлик ва мутлақ эзгулик

Евгений Евстигнеев 1926 йилнинг 9 октябрида Нижний Новгородда туғилган. У дунёга келганида онаси Мария Ивановна ўттиз икки ёшда, отаси Александр Михайлович эса олтмишни қоралаб қўйганди. Улар заводда ишлашар, санъатга алоқалари йўқ эди. Александр Михайловичнинг биринчи никоҳидан туғилган ўғли Сергей саҳна билан шуғулланарди, холос.

Женя (Евгений) олти ёшга тўлганида отаси вафот этди. Уни онаси – қишлоқ мактабининг учинчи синфигача ўқиган оддий аёл тарбиялаб вояга етказди. Мария Ивановнада туғма ақл-заковат бўлиб, ана шу қобилият унинг ўғли Евгенийга ҳам берилганди.

Бўлажак актёрнинг болалиги шаҳар чеккасида ўтди. У мактабни тугатгач, заводда ишлади.

Уруш пайтида 14 яшар Евгений электр устаси бўлиб ишлади, кейин билим юртида таҳсил олди. У оилада ягона эркак эди: ўгай акаси дом-дараксиз кетганди. Мария Ивановна Женянинг актёр бўлишига қарши эди. Гап шундаки, Евгенийнинг акаси Сергей айнан актёрлиги боис оғир қисматга йўлиққан, урушдан олдин у йўқолиб қолганди. Сергейнинг қамоқхонада ўлгани ҳақида гаплар етиб келди, холос.

Женя бўш вақтини маданият уйидаги жаз оркестрида ўтказарди. У барабан таёқчаларини чаққон ишлатар, қойилмақом зарблар чиқарарди.

1951 йили у театр билим юртини тамомлади ва «Луначарский» илмгоҳига қабул қилинди. 1956 йилда эса МХАТ мактаб-студиясини тугатди. Кўп ўтмай, Евгений Евстигнеев «Современник» театрининг актёрига айланди. Унга «Яланғоч қирол» пьесасидаги роли обрў келтирди.

Евстигнеев катта ролларни ижро этиш билан бирга кичик лавҳаларда ҳам ўйнаб кетаверарди. Бу ҳақда у шундай деган: «Одамзод улкан куч эгаси, у ўзини оқ ва қора рангларда кўрсата олади. Тирик инсон мутлақ ёвузлик ва мутлақ эзгулик тимсоли бўлиши мумкин эмас».

Актёр кинодаги биринчи катта ролини 1964 йили «Хуш келибсиз ёхуд бегоналарнинг кириши ман этилади» фильмида ижро этди. Шу роли билан кўзга кўринди. «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси»даги профессор Плейшнер туфайли эса уни кўча-кўйда тинч қўймайдиган бўлдилар. Дарвоқе, Евстигнеев қаҳрамонларининг олтитаси профессор! Умуман, у кўпинча зиёли ва аслзодалар қиёфасини ижро этарди.

 Ғаройиб тепакал

Актёрнинг Горьков драма театридаги фаолияти алоҳида эътирофга сазовор. У ерда Евстигнеевга «комик» ёрлиғини ёпиштиришган. Ёш актёрнинг саҳнага чиқиши шу қадар кулгиларга сабаб бўлардики, ҳаддан зиёд қаҳ-қаҳ урган мухлисларни залдан чиқариб юборишга тўғри келарди. Масалан, «Учинчи ёшлик» спектаклида Евстигнеев ўз қаҳрамонининг кулгили қирраларини моҳирона ижро этгани боис, томошабин жиддий саҳнада ҳам тинмай куладиган бўлди. Натижада мазкур спектаклда бош ролни ўйнаган артист хонимнинг талаби билан Евстигнеевдан роль олиб қўйилди.

Шундан кейин, 1970 йилда Евстигнеев Москвага кетди. МХАТ труппасига ўтди ва замонавий спектаклларда чиқа бошлади. Бунгача, 1957 йилдан эса у кинодаги йўлини ҳам белгилаб олган, «Яккама-якка» фильмида роль ижро этган эди.

У МХАТ мактаб-студиясида Шекспирнинг «Юлий Цезар» фожиасидаги Брут монологини ўқиб берди. «Римликлар, юртдошлар, дўстлар, – деб юборди Евгений комиссия олдида, кейин тезда нутқ оҳангини ўзгартириб деди: – Кечирасизлар, унутибман».

Шахсий ҳаётига келсак, Евстигнеев дастлаб Галина Волчекка уйланган.

– Кутилмаганда менинг ҳаётимда ўзимдан етти ёш катта эркак пайдо бўлди, – деб эслайди Волчек. – У шу қадар ғализ гапирардики, айрим сўзларини фақат луғат ёрдамида тушуниб олиш мумкин эди. Ташқи кўриниши ҳам ғалати: кўйлагининг ёқасига капалакнусха бўйинбоғ боғлаган, ўзи тепакал, жимжилоғидаги тирноғи узун эди. У шу тарзда уйимизга кириб келди. Отам саросимага тушди. Кейин эса уни ёқтириб қолди...

Актёрнинг паришонхотирлиги хусусида латифалар юрарди. Волчек айтишича, бир куни «Тубанликда» спектаклини томоша қилиш учун театрга польшалик режиссёр Анжей Вайда ташриф буюрган. У Евстигнеев ижро этадиган Сатин ролини яхши кўрарди. Волчек эри Евстигнеев Сатиннинг «Инсон, бу – мағрур жаранглайди» деган монологини ҳамиша ўзига хос оҳангда айтишини биларди, спектаклдан олдин ана шу матнни такрорлашини сўради. Эри такрорлагач, кўнгли жойига тушди. Бироқ Евстигнеев саҳнада монологни айтаётиб, ғўлдираб қолса бўладими! Галина Борисовна хижолат чекиб Анжейга шивирлади: «узр, у матнни эсидан чиқарди». Евстигнеевнинг ижросидан илҳомланган Вайда шундай деб жавоб берди: «Галя, унинг айтганлари тамомила етади, ниҳоятда ажойиб».

Оиладаги ароқхўрлик

Аммо кўп ўтмай Евстигнеев ва Волчек ажрашишди. Уларнинг узоқ давом этмаган никоҳидан Денис дунёга келган эди (айни пайтда режиссёрлик қилмоқда). Евстигнеевни биринчи оиласини тарк этишга мажбур қилган аёл «Современник» театри актрисаси Лилия Белянская эди. У ҳам Евстигнеевни деб биринчи оиласини, эрини ташлаб кетганди. 1969 йилда уларнинг оиласида Маша дунёга келди.

Йиллар ўтиб, Евгений Евстигнеев ва Галина Волчек оилалари ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилди.  Волчек, ҳатто собиқ эрининг қизи Машани театр институтига ўқишга киришига тайёрлай бошлади. Аммо бу орада Евстигнеевнинг рафиқаси ичкиликка ружу қўйди. Галина уни бир неча марта бу йўлдан қайтармоқчи бўлди. Афсуски, маслаҳат-ўгитлар ҳам, муолажалар ҳам кор қилмади. 1986 йили Лилия ҳаётдан кўз юмди, айтишларича, у ўз жонига қасд қилган.

Евстигнеев учинчи никоҳини актриса Ирина Цивина билан боғлади. Цивина – актёр профессорлик қилган МХАТ мактаб-студияси толибаси эди. Уларнинг ёши ўртасидаги 35 йиллик тафовут гап-сўзларга сабаб бўлди. Айниқса, Евстигнеев-Цивинанинг никоҳи роса муҳокама қилинди.

«Шахсан мен учун Ален Делон эркак эмас, у шунчаки кўркам кўринади, холос, – деганди Цивина. – Евгений Александрович эса ҳақиқий эркак. У ўз рафиқаларининг суянчиғи эди. Масалан, узоқ вақт ишламай қўйган Лилияни тўла-тўкис таъминлаган. Болаларга ҳам ғамхўрлик қиларди, улар хабар олишмаса, Евстигнеев хафа бўларди».

Эрини ҳаддан зиёд яхши кўрган Ирина Цивина кекса актёрнинг ҳаётига ранг-баранглик бахш этди.

Келишмовчилик ва... ўлим

80-йилларнинг охирларида икки қалин дўст Евстигнеев ва Ефремов («Автомобилдан сақланинг» кинокомедиясидаги терговчи ролини ўйнаган актёр) ўртасида низо келиб чиқди. Олег Ефремов МХАТ режиссёри эди. У Евстигнеевга шундай деди: «Менг қара, агар касал бўлсанг, пенсияга чиқ». Евгений Александрович индамай МХАТни тарк этди. Ваҳоланки, унинг кексалиги буюк кексалик бўлган.

1988 йилда Етигнеевга яхши роль берилди – «Итюрак»даги профессор Филипп Преображенский! Мазкур фильм кўпчилик кутган киноасар эди. Режиссёр Владимир Бортконинг эслашича, фильмни суратга олиш чоғида кооператив дўкондан колбаса кўтариб... «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» фильмидаги Плейшнер чиққан. Бортко бақирди: «Стоп! Евгений Александрович, профессор бунақа юрмайди». Евстигнеев жавоб берди: «Менга ақл ўргатишнинг кераги йўқ, профессорни биринчи марта ўйнамаяпман». Бортко изоҳ берди: «Бу мутлақо бошқа профессор! Бу – Менделеев». Актёр ўйланиб турди-да, дўконга кириб кетди. Яна эшик очилганида суратга олиш гуруҳи қаршисида Плейшнер ҳам, Менделеев ҳам эмас, балки профессор Преображенский турарди. Ҳамма қойил қолди.

Евстигнеев ижросидаги сўнгги саҳна асари Сергей Юрский саҳналаштирган «ХХI аср ўйинчилари» ҳисобланади...

Биринчи инфаркт кекса актёрни 1991 йили Архангельскдаги сафари чоғида безовта қилган эди. Орадан бир йил ўтиб, 1 март куни Евстигнеев Ирина билан Лондонга борганида яна шу хасталик хуруж қилди. Тезда шифохонага ётқизилди. Халқ севган актёр саҳнага чиқиш, кинода роллар ижро этиш иштиёқи билан ёнар эди, аммо...

5 март куни актёр Евстигнеев ётган палатага врач кириб келди ва бўлажак операция ҳақида икир-чикиригача гапира бошлади. Евстигнеев уни сукут сақлаб эшитди, сўнг ранги оқариб кетди ва... кўзларини юмиб, мангу уйқуга кетди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг