ШҲТ–Самарқанд саммити: ўзаро манфаатли тараққиёт, самарали ҳамкорлик
![ШҲТ–Самарқанд саммити: ўзаро манфаатли тараққиёт, самарали ҳамкорлик](https://static.xabaruz.com/crop/2/3/720_460_95_232433009.jpg)
ШҲТнинг навбатдаги Самарқанд саммити 15-16 сентябр кунлари Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтади. Бу Ўзбекистонда ўтказиладиган тўртинчи саммит бўлади. Илгари бундай муҳим халқаро тадбир 2004, 2010 ва 2016 йилларда Тошкент шаҳрида ўтказилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг пайдо бўлиши Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бевосита натижаси бўлди, дейиш мумкин.
Ташкилотнинг 2021 йилда Душанбеда бўлиб ўтган юбилей саммити Декларациясида барча аъзо давлатлар раҳбарлари минтақада барқарор ривожланишни таъминлаш, ишонч ва дўстлик маконини яратиш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари томонидан сўнгги пайтларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини эълон қилган эдилар.
ШҲТнинг Марказий Осиёдаги янги жараённи қўллаб-қувватлаши минтақанинг ўзи учун ҳам, Ташкилот қамраб оладиган ҳудудларни барқарорлик, ўзаро манфаатли ривожланиш ва самарали ҳамкорлик ҳудудига айлантириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ШҲТ алоҳида ўрин тутади. ШҲТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг энг яқин қўшнилари ва стратегик ҳамкорлари ҳисобланади. ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳам кўп томонлама минтақавий, ҳам минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ушбу давлатларнинг ҳар бири билан ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари 2017-2021 йилларда бўлиб ўтган ШҲТ саммитларида элликка яқин муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурган. Билдирилган таклифлар ШҲТнинг «йўл хариталари», меъёрий-ҳуқуқий, дастурий ва концептуал ҳужжатлари доирасида ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг янги механизмлари кўринишида изчил амалга ошириб келинмоқда.
ШҲТга раислик эстафетасининг Ўзбекистонга ўтиши 2021 йил сентябр ойида аниқ бўлган эди. Ўтган бир йил давомида мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги режаси доирасида 80 дан ортиқ тадбир ўтказилди.
Улар нафақат ташкилотда йўлга қўйилган ҳамкорлик йўналишларини, балки минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, инновациялар, қашшоқликни қисқартириш, рақамли трансформация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш каби янги йўналишларни ҳам қамраб олди.
ШҲТ тадбирларини ташкил этишда янгича ёндашув ва форматлар жорий этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу даврда илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган 14 та янги концептуал ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Маълумот учун, ШҲТ дунёдаги йирик минтақавий ташкилотлардан бири бўлиб, унга аъзо давлатларининг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғини ташкил қилади, деганидир. ШҲТ давлатларининг умумий аҳолиси сони эса 3,2 миллиард кишини ташкил қилади.
Ташкилот 8 та доимий аъзо, 4 та кузатувчи давлат ва 9 та мулоқот бўйича ҳамкорни жамлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter