Шерзод Шерматов коронавирусдан тузалганини маълум қилди
Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов коронавирусни бошдан ўтказганини маълум қилди. Касалликни юқтириб олгани, шифохонада даволаниб чиққани, ҳозир уйда саломатлигини тиклаётгани ва бошқа тафсилотларни Шерматов ўз телеграм-канали орқали ўқувчиларига ҳавола этди.
Қуйида ушбу пост билан танишишингиз мумкин.
Бошидан ўтган табиб...
Афсуски, санитария қоидаларига қанчалик риоя қилмай, барибир ушбу вирусни юқтириб олдим. Яхши ният қилиб, янги ўқув йилини анъанавий шаклда ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича анчагина мактабларда таъмирлаш ишлари кетаётгани учун, уларни имкон борича ўзим бориб кўраётгандим, балки ўша ерда юқтириб олдим, шекилли.
Бошиданоқ тана ҳароратим кўтарилиб, умумий аҳволим ёмонлашди. Эртасидан лоҳаслик, салдан кейин ҳид билиш ва таъм билиш ҳам йўқолди.
Биринчи ҳафта шифокор маслаҳати билан уйда даволанишга ҳаракат қилдим, енгилроқ ўтса, балки шифохонага ҳожат бўлмас деган ниятим бор эди.
Лекин бир ҳафтадан кейин, тана ҳарорати яна кўтарилиб кетганига, шифокорлар шифохона шароитида даволанишга ўтиш кераклигини таъкидлашди. Ўша кезлари Семашко санаторияси коронавирусни даволашга ихтисослаштирилган экан, ўша ерда даволанишга тўғри келди.
Шифокор тавсиясига кўра дорилардан бошидан D3, С каби витаминларни қабул қила бошладим. Кейинроқ иситма тушавермагач қўшимча антибиотиклар қўллашни бошлашди. Сатурация тушиб кетганда, муолажа давомида дексаметазондан укол қилиб, нафасни очишга ёрдам беришди.
Қонни суюлтирадиган дори ва таблеткалар ҳам жуда муҳим экан. Чунки бу касалликда инсон организмида қон қуюлиши ва шу орқали юрак қон айланиш ва ўпкага салбий таъсири бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам билиб олдим.
Бошидан ўтган табиб деганларидек, кимдир ўзида шундай ҳолатларни сезса баъзи маслаҳатлар уларга фойдали бўлса керак деб ёзаяпман.
Биринчидан, Ваҳима қилмаслик. Ваҳима хар қандай касалнинг янада кучайишига, одамнинг асабийлашишига ва атрофда унга ёрдам бераётганларнинг қийналишига сабаб бўлади.
Иккинчидан, Яхши ният қилиш. Интернетда негатив жуда кўп, лекин касал пайтингизда энг асосийси яхши ният қилиб ўзингиз биринчи навбатда тузалишга ҳаракат қилсангиз, тезроқ тузалиб кетасиз.
Учинчидан, Яхшилик қилиш, Садақа радди бало дейилгандек, қанчалик яқинларга ва мухтожларга ёрдам берилса, шунчалик одам ўзини енгилроқ ҳис қилади.
Охиргиси ва энг асосийси: шифокорлар ишини қадрлаш. Шунча қийинчиликларда энг асосий юк шифокорларга бўляпти. Шундай экан ҳозирги даврда соғлиғингиз туфайли шифохонага тушиб қолсангиз, сизни даволайдиган шифокорми, ҳамширами ёки бошқа тиббий ходим бўладими, сиз ҳам ўз навбатида уларга яхши гапириб, кўнглини кўтариб туришни маслаҳат бераман. Улар ҳам жуда чарчашаяпти, айниқса шу иссиқда санитария қоидаларига риоя қилиб ҳаммаси махсус кийимда юриши осон эмаслигини кўришингиз мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, барча шифокорларга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман!
Касал бўлганимни эшитган барча яқинларим, дўстларим, қариндош-уруғларимдан доимий равишда дуо ва яхши сўзлар бўлиб тургани ҳам жуда катта далда бўлди.
Ҳатто Давлатимиз Раҳбари ўзлари шахсан аҳволимни суриштириб турганларини эшитиб, бошим осмонга етди. Шундай одамгарчилиги юқори бўлган инсоннинг командасида эканлигимдан ғурурландим. Устозим ҳам бир неча бор телефон орқали ҳол аҳвол сўраб, кўнглимни кўтарганлари ҳам катта мадад бўлди.
Президент Администрацияси раҳбарияти, Вазирлар Маҳкамасидаги Комплексимиз раҳбари томонидан ҳам аҳволимни сўраб туришгани куч бағишлади. Шундай вақтда иш бўйича муносабатлар эмас, балки ҳақиқий инсонийлик қадриятларининг муҳимлиги жуда билинар экан.
Ота-онамнинг ҳар кунги дуолари, барча қариндошларнинг ўзаро бирлашиб, ўзлари пиширган таомлардан илиниб юбориб туришганининг ҳам катта фойдаси тегди. Айниқса, қариндошлар тайёр боқаётган товуғини олиб, сўйиб, товуқ шўрва пишириб юбориб туришгани тезроқ тузалишимга фойда бўлди.
Кўпчилик яқинларим қатори, Спорт Федерациясидагилар ҳам Хитой дорисидан дарров етказишди, раҳмат барака топишсин. Бундай эътибордан жуда хурсанд бўлдим.
Мен ўзимни жуда бой инсон деб ҳисоблардим, чунки ҳам ота-онам, ҳам қайнона-қайнотам ҳаёт бўлиб, доим дуо қилиб туришганди. Афсуски, орада қайнотам ҳам омонатларини топширдилар. Жойлари жаннатда бўлсин, жуда яхши инсон эдилар...
Шифохонага борганим тўғри бўлибди, МСКТ 50 фоиз ўпкада икки томонлама пневмония эканлигини кўрсатди. Кейин сатурация 73 гача тушиб кетди, кислород концентраторини улаб, анча кўтариб туришга имкон бўлди. Лекин барибир энг асосийси, кислород бўлса ҳам, одам ўзи кўпроқ нафас машқлари қилиши керак экан. Кислород бошида ўпкани озгина эрка қилиб ҳам қўяркан.
Фақат кислороддан нафас олиб ётган билан ижобий натижа чиқиши қийин бўлади дейишди, шунга имкон борича нафас машқларини қилишга ҳаракат қилдим ва албатта, фойдасини сездим. Бошида қийналиб йўтал тутган вақтлари, мажбур қайтадан кислородга уланиб, сатурацияни кўтариб турдим, кейин секин-секин кислородни камайтириб, кўпроқ нафас олишга ҳаракат қилдим.
Мен 2 йилча аввал пневмония бўлгандим, шу ҳам салбий таъсир қилди. Ўзи умуман давлат ишидаги тартибсиз режим, асаббузарликлар, кечгача ишда бўлиш ҳам организмни чарчатиб, бундай касалликларни оғирроқ ўтишига сабаб бўларкан. Шунинг учун, имкон борича ўзингизни асранглар, пневмонияни менга ўхшаб оёқда ўтказманглар.
Энг қийини касалхонада вақтнинг секин ўтиши бўлди. Мен каби ишга ўрганиб қолган одамга вақтнинг бекор ўтаётганига кўникиш жуда қийин бўларкан. Раҳмат, ўз ишига масъулиятли ва ташаббускор яхши ўринбосарлар ва фидоий ходимларимиз бор. Интернет орқали ҳам дарров вазифаларни тушуниб, ишларни сифатли ташкил қилишга ҳаракат қилишди. Афсуски, мен билан бир вақтнинг ўзида вазирликдаги бир ўринбосар ва анчагина ходимлар ҳам бу вирусни юқтириб, улар ҳам даволаниб чиқишди.
Ҳозирда уйда реабилитация даврини ўтамоқдаман, насиб қилса яқин орада ишга қайтаман.
Даволаниш даврида...
Касалхонада эканман, 60 дан ортиқ аудиокитоб эшитиб қўйдим. Фарҳод Ибрагимовга раҳмат, анча олдин яхши Blinkist деган дастурни совға қилганди. Жуда кўп яхши китобларни қисқача қилиб айтиб берадиган, инглиз тилини билган ва вақти зиқ бўлган раҳбарлар учун жуда фойдали дастур экан.
Имкониятингиз бўлса, аудиокитоблар тингланг, бу эса вақтдан унумли фойдаланишга ёрдам беради. Ўзбек тилида аудиокитоблар тингламоқчи бўлганлар www.kitob.uz порталидан бемалол фойдаланишлари мумкин.
Кимгадир ушбу маслаҳатларимнинг фойдаси тегса хурсанд бўламан, ўзингиз ва яқинларингизни асранглар!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter