Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шайх Абдулазиз Мансур: «Нотўғри тушунибсизлар, Янги йилни байрам қилиш динимизда йўқ!» (видео)

Шайх Абдулазиз Мансур: «Нотўғри тушунибсизлар, Янги йилни байрам қилиш динимизда йўқ!» (видео)

Шайх Абдулазиз Мансур.

Шайх Абдулазиз Мансур ижтимоий тармоқларда янги йил байрами ҳақидаги фикрларига нисбатан бўлаётган эътирозларга изоҳ берди: 

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳ. Вассалату-вассаламу аъла Расулиллаҳ. Аммо баъд. 

Ҳурматли азиз тингловчилар! Ассалому алайкум ва Роҳматуллоҳи ва баракотуҳ. 

Куни кеча милодий янги сана мавзусида эфир орқали чиқиш қилган эдим. Уни «Зиё» студияси бир соат ёзиб олган эди. Эшитувчиларга тушунарли бўлсин, деб мен далиллар билан манбаларини кўрсатиб, мана шу ислом динимизни нуқтаи назаридан бу мавзуга қандай қаралганлиги тўғрисида бир соат изоҳ берган эдим. Лекин, афсуски, эртаси кунига мана шу бир соатлик суҳбат беш дақиқага қисқартирилибди, шу сабаб гаплар тушунарли бўлмай қолибди. Шунинг учун халқимиз орасида, аҳолимиз ўртасида турли тушунмовчилик ва эътирозлар пайдо бўлди. Гўёки «Шайх Абдулазиз Мансур янги йилни кутишга рухсат берибди, бир бирларини табриклашга рухсат берибди, янги йилни оқлаб фатво берибд» деган ҳар хил шов-шув гаплар тарқалди. Бу гаплар менга етиб келди. Эътирозларни хаммасидан хабарим бор.

Шунинг учун, ҳозирги чиқишимда мана шу эътирозларга ўз муносабатимни билдириб, изоҳ бермоқчи эдим. 

Янги йил, янги йилни кутиш ёки табриклаш ёхуд байрам қилиш каби амаллар бизни муқаддас Ислом динимизни манбааларида ҳеч қаерда кўрсатилмаган. У йўқ нарса. Манбаларда янги йилни, у қайси янги йил бўлишидан қатъи назар, ҳаттоки ҳижрий йилни ҳам кутиб олинсин, деган гап йўқ. 

Шундай бўлгандан кейин мен қанақасига дини Ислом манбааларида аҳкомларида, шариатимизда йўқ нарсани халқга тарғиб қиламан?!

Мен устозларни кўрган уларни тарбиясини олган аҳли илм одамман. Мен кўрмаган нарсам бўлса, аниқламаган нарсам бўлса, манбааларини аниқ билмасам, кўнглим дилим таскин топмаса, у гапларни гапирмайман. 

Тушунмовчиликни ислоҳ қилиб, тузатиб қўймоқчиманки, янги йилни кутиб олиш ёки табриклаш бу нарсалар бизни Ислом динимизда йўқ. Бу одат дунёвий одат бўлиб келаётган нарса. Буни динга ҳеч қандай тааллуқли жойи йўқ. Шу нарсаларни эшитиб халқимизга жавоб қиляпман, лекин бу нарсалар кифоя қилмаяпти. 

Шу сабабли мен халқимиздан, эшитувчилардан илтимос қиламанки, бизларни тўғри тушунинглар. Ислом динимизни қўлдан келганча ўрганиб халқимизга етказишни ният қилганмиз. Мана шу олган илмларимизни фақат Ислом дини йўлида, халқимизни эътиқоди йўлида сарфлашни ният қилганмиз. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай тушунмовчиликлардан, залолатдан ўзи асрасин. Ҳидоят узра барчаларимизни собит қадам қилсин. Ваассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи таала ва баракатуҳ», дейди Шайх Абдулазиз Мансур.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг